
Тошкентда “Фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини сифатида маҳалла институтининг оилаларни мустаҳкамлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдаги ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
ЎзА анжуман иштирокчилари – мамлакатимиздаги халқаро ташкилот, тузилмалар раҳбарлари, дипломатик корпус вакиллари фикр-мулоҳазаларини ёзиб олди.
Жон МАКГРЕГОР: Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси:
– Мен фаолиятим давомида Ўзбекистонга хос бўлган, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдиган “маҳалла” институтини бошқа ҳеч жойда учратмаганман.
Ушбу ноёб тузилма оилаларни мустаҳкамлаш, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш, хотин-қизлар таълим олиши, касб эгаллаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади.
Мамлакатда кекса авлод вакилларига алоҳида эътибор, ҳурмат кўрсатилиши, уларнинг маҳаллаларни ривожлантириш ва тинчлик-барқарорликни таъминлашда беқиёс ўрин эгаллаши ҳам таҳсинга лойиқ.
Оилаларда вужудга келаётган муаммолар маҳалла фаоллари томонидан ўзаро келишилган ва жипслашган ҳолда ҳал қилинади. Бу эса ҳар бир фуқарога катта далда беради.
Ўзбекистондаги фаолиятимдан келиб чиқиб, қуйидаги жиҳатларни эътироф этмоқчиман:
– барча давлатлар маҳалла институти тажрибасини ўрганишлари зарур;
– маҳалла ҳамжиҳатликни таъминлаш, бир-бирига ёрдам бериш, оилаларда тинчлик ва хотиржамликни сақлашда ноёб тузилма;
– маҳалланинг Ўзбекистон тараққиётидаги аҳамияти беқиёс;
– ушбу халқчил тузилма Ўзбекистон ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланиши ижобий ҳолат.
ЎзА