Маҳалла институти тарихи ва фаолияти ҳақида янги рисола
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтида «Маҳалла – ёруғ юзимиз ва виждонимиз кўзгуси» номли китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур илмий-оммабоп рисолада маҳалла институтининг тарихи, мамлакатимизда маҳалла институти фаолиятини ривожлантириш, унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳамда ваколатларини кенгайтириш борасидаги ислоҳотлар баён этилган. Илмий-оммабоп рисола олимлар, тадқиқотчилар, талаба ва ўқувчи ёшлар ҳамда маҳалла институти фаолиятига қизиқувчи кенг китобхонлар учун мўлжалланган.
Тадбир доирасида шунингдек, «Оила, маҳалла ва гендер тенглиги мавзусидаги бадиий асарларнинг электрон корпуси» ҳамда «Маҳалла фуқаролар йиғинларида иш юритиш жараёнини амалга оширишда электрон ахборот воситалардан фойдаланиш технологиялари» юзасидан яратилган платформалар тақдимоти бўлиб ўтди.
[gallery-1711]
Оила маҳалла ва гендер тенглиги мавзусидаги бадиий асарларнинг электрон корпуси бу – оила, маҳалла ва гендер тенглигига доир бадиий асарларнинг электрон корпусини яратиш лойиҳаси ўзбек тилида илк бор матнлар корпусини яратишни мақсад қилиб қўйган. Ушбу яратилган корпус контенти мавзуга доир бадиий асарларнинг хронологик тавсифидан иборат. Унга кўра хронологик тартиб берилган матнлар базаси уч асосий қисм – жадид адабиёти, мустақилликкача бўлган давр, ва мустақилликдан кейинги даврга ажратилган. Корпус менежери, яъни қидирув тизими сўров учун ҳам лотин ҳам кирилл алифбосига мўлжалланган.
Маҳалла фуқаролар йиғинларида иш юритиш жараёнини амалга оширишда электрон ахборот воситалардан фойдаланиш технологиялари – маҳалла фуқаролар йиғинларида иш юритиш билан банд бўлган ходимларига касбий малакаларини ошириш ва бу борада услубий кўрсатмалар бериш, уларнинг ҳужжатлар билан ишлаш самарадорлигини яхшилаш, жонлантириш, энг асосийси «қоғозсиз технология» билан ишлашни ўргатиш мақсадига хизмат қилади.
Оқил ҒУЛОМОВ (сурат), ЎзА