Маҳалла: илғор тажрибалар ижобий самара бермоқда
Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда маҳаллалар мавқейи такомиллашиб, уларни бошқаришда янги тизим йўлга қўйилди.
– Барча ҳудудларда аҳоли ва давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар амалга оширилди,– дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Амударё туман бўлими бошлиғи Алишер Юлдашев. – Хусусан маҳаллалар ободлигини таъминлаш, шу жумладан, “Обод маҳалла”, “Обод кўча”, “Обод хонадон” мезонларини жорий этишда аҳолининг фаол иштироки ва масъулиятини ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, ҳар ойда бир маротаба маҳалладаги барча кўчаларда камида ҳар бир маҳалладаги 2 та эҳтиёжманд оиланинг таъмирталаб хонадонида қўни-қўшниларни жалб этган ҳолда, ҳашар ташкил қилинмоқда. Жумладан, туман бўйича 6 ой давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 180 минг туп дарахт ва бута кўчати экиш режа қилиниб, шундан 74 минг 280 туп қаламча ва 82 минг 720 туп мевали, манзарали ва бошқа турдаги кўчатлар экилди.
Миллий қадриятлар, урф-одатлар ва анъаналарни тарғиб қилиш, соғлом ижтимоий-маънавий муҳитни сақлаш, тўй-маросимларни исрофгарчиликларсиз ихчам ўтказилишини таъминлаш бўйича жорий йилнинг ўтган даврида жами 275 нафар маданият ходими, ёзувчи ва шоирларнинг аҳоли билан миллий қадриятлар ва урф-одатларни сақлаш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш бўйича учрашувлари белгиланган режа график асосида ташкил қилиниб ўтказилди.
Маҳаллаларда томорқаси мавжуд бўлган хонадонлардаги 4 минг 332 гектар томорқа ер майдонига озуқабоп экинлар экилди. Ҳар ойда барча маҳалла фуқаролар йиғинларига бириктирилган давлат органлари вакилларининг ҳудудда амалга оширган ишлари юзасидан ахбороти эшитилиб, муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиб келинмоқда.
Бундан ташқари, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан маҳалла, сектор ва туман кесимида амалга ошириладиган вазифалар бўйича “Йўл харита”лар ишлаб чиқилди ҳамда ижроси таъминланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида Маҳаллаларни қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан тумандаги 49 та маҳалла фуқаролар йиғинининг ҳар бирига 500 миллион сўмдан ажратилган маблағ ҳисобидан 224 та лойиҳа режаси бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Махсус дастурлар асосида маҳалла ижро платформаси ташкил қилиниб, хонадон, оила ва аҳоли сони киритилмоқда. Йил якунигача ҳар бир маҳалла еттилигига йиллик иш режалар ишлаб чиқилиб, аҳолининг турмуш шароитни яхшилаш бўйича аниқ чоралар белгилаб олинди. “Сайхунобод” тажрибаси бўйича ҳам кўргазмали семинарлар ўтказилди. Шундан, “Уйчи” тажрибасига асосан 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган аҳолининг 77,5 фоизи, яъни 83 минг 355 нафар фуқаро хатлов қилиниб, 1 минг 18 нафарининг доимий иш билан банд қилиш кераклиги аниқланди.
[gallery-18576]
Шунингдек, маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчилари томонидан ўзини-ўзи банд қилиш мақсадида жами 94 нафар фуқарога 695 миллион 200 минг сўмлик субсидия берилди. “Ёшлар дафтарига” киритилган 634 нафар ёшга 1,5 миллиард сўмлик субсидия ажратилди. Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан жами 38 нафар фуқарога “Аъзолик бадали” харажатларини қоплаш ҳамда “Устоз шогирд” анъаналари асосида ёшларга ҳунар ўргатаётган ҳунармандларга шогирдлар тайёрлаш, зарур хомашё сотиб олиш ва шогирдларни иш ҳақи билан таъминлаш учун субсидия ажратилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.