Маҳалла ифтихорлари муносиб тақдирланди
Маҳалла обод бўлса, юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса, бутун жамият ўзгаради. Айни шу боисдан ҳам сўнгги йилларда халқ билан давлат ўртасидаги ишончли кўприк вазифасини бажарадиган ўзига хос ноёб тузилма – маҳаллага катта эътибор қаратилмоқда.
Бутун борлиққа гўзаллик улашаётган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўз юртимизда яна бир қувончли байрам – Маҳалла тизими ходимлари кунига уланди. Бинобарин, кўклам шодиёнасига мос меҳру оқибат, бағрикенглик, аҳиллик, саховат каби эзгу қадриятлар айнан маҳаллада яққол ифодасини топади.
Наманган вилояти мусиқали драма театрида мазкур сана муносабати билан ўтказилган тантанали тадбирга Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлимлари мутасаддилари, меҳнат фахрийлари, шаҳар ва туманлардаги фидойи маҳалла фуқаролар йиғинларининг раислари, ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар фаоллари, ички ишлар профиликтика инспекторлари, ёшлар етакчилари, солиқ инспекторлари, ижтимоий ходимлар, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф қилинди.
[gallery-16579]
Тадбирда Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов маҳалла тизимида фидокорона меҳнат қилаётган соҳа жонкуярларини қўшалоқ байрам билан қутлаб, эзгу тилакларини билдирди. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган фармон ва қарори миллий қадриятлар ва эзгу амаллар маскани саналган маҳалла институтини тубдан ислоҳ қилишда дастуриламал бўлаётганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, маҳаллаларда жорий этилган “кучли еттилик”, яъни раисдан тортиб ёшлар етакчисигача эзгу мақсадлар атрофида жипслашган ҳолда, муайян ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида жонбозлик билан иш олиб бормоқда. Биргина ўтган 2023 йил давомида “Ташаббусли бюджет” дастури орқали Наманган вилоятидаги 425 та лойиҳа учун 373,1 миллиард сўм ажратилгани бунинг ёрқин далилидир.
Бугунги кунда вилоятда 788 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатиб, уларда хизмат қилаётган минглаб ходимлар ҳар бир оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ёш авлодни инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, турли оилавий низоларнинг олдини олишга қаратилган масъулиятли юмушларни бажариб келмоқда.
Тантанали тадбирда Президент фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотларига муносиб кўрилган уч нафар наманганлик ҳамюртимизга орден ва медаллар топширилди. Шунингдек, соҳада алоҳида ибрат намунасини кўрсатаётган 14 нафар шижоатли ва ташаббускор ходимга “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони тақдим қилинди.
Вилоят театри актёрлари томонидан саҳналаштирилган “Она” спектакли премъераси ҳамда Ватан, маҳаллани мадҳ этувчи куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларга чинакам завқ улашди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат),
ЎзА мухбирлари