Маҳалла идораси учун янги бино
Бухоро вилояти Ғиждувон туманида “Буктарой” маҳалла фуқаролар йиғини биноси фойдаланишга топширилди.
– Арабхона, Буктарой ва Бобоғози қишлоқларидан иборат маҳалламизда 805 та хонадон ва 935 та оила бўлиб, уларда 4,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилмоқда, – дейди “Буктарой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Неъмат Шодиев. – Албатта, аҳоли билан ишлаш, улар ташвиш ва муаммоларини ўрганиб, тизимли ҳал қилиш учун талаб даражасидаги маъмурий идорага муҳтожлигимиз бор эди. Ниҳоят, бунинг учун ўтган йил куз ойларида қишлоқ марказидан 3 сотих ер майдони ажратилди. Туман маҳаллий бюджети ҳисобидан 136 миллион сўм маблағ ажратилди. Маҳалла биносини қуриш ишлари бошланди. Шинам иншоот маъмурияти “бешлик” учун алоҳида хоналар зарур ахборот коммуникация воситалари, компьютер жамланмаси, мебель билан жиҳозланди. Қолаверса, ҳудуддаги тадбиркор фермерлар ҳам саховатпешалик қилиб, қурилишга ҳомийлик қилди.

“Буктарой” маҳалла фуқаролар йиғини янги маъмурий биносини фойдаланишга топшириш тадбири тантанага айланди. Унда туман ҳокими Шерзод Ашуров бошчилигида сектор раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, маҳалла аҳли ҳозир бўлди. Қурилиш ва жиҳозлашда алоҳида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга миннатдорлик билдирилди. Барча қулайликлар, алоҳида иситиш тармоғи шай қилинган ва талаб даражасида жиҳозланган янги идора биноси аҳоли мушкулини осон, ташвишини енгиллаштиришга хизмат қилиши, ўзига хос маъмурий ҳудудда фаолият самарадорлигига эришилишига ишонч билдирилди.
Йиғилганлар шинам маҳалла биноси ва ундаги қулайликлар билан таништирилди.

Маълумот учун, “Янги Ўзбекистонда янгича дунёқараш” эзгу тамойили асосида Бухоро вилояти Ғиждувон туманида ҳам ўзини ўзи бошқариш органлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларга талаб даражасида фаолият юритиши учун зарур қулайлик ва шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили ҳудудда Тахтахон, Калон, Саидкент, Янгиобод, Пахтаобод каби маҳалла фуқаролар йиғинлари маъмурий бинолари учун алоҳида ер майдони ажратилди. Замон талаби даражасида лойиҳалаштирилган идора иншоотлари янгича андозада қуриб берилган. Уларда маҳалла раиси, ҳокимнинг ҳудуддаги ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ва ички ишлар профилактика инспектори баҳамжиҳат ишлаши учун барча шароит яратилган.

Зариф Комилов, ЎзА