“Маҳалла” фонди: сарҳисоб ва режалар
Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Наманган вилояти бўлими фаолиятининг ўтган 2021 йил якунлари сарҳисоб қилинди.
Фонд вилоят бўлими раҳбари Аҳмаджон Мукаррамовнинг таъкидлашича, 2021 йилда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, маҳалла фуқаролар йиғинлари моддий-техника таъминотини яхшилаш, моддий ёрдам кўрсатиш, маҳалла идорасида фойдаланилган коммунал тўловларни тўлаб бериш, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишонига сазовор бўлган ҳамюртларимизни рағбатлантириш ва уларни сиҳатгоҳда дам олишини таъминлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Қувонарлиси, фонднинг вилоятдаги бўлимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасига кўра, “Маҳалла” фонди Республика бошқарувининг эътирофига сазовор бўлиб, тизимдаги вилоят фондлари ўртасида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Бу эса вилоятда маҳалла тизимига эътиборнинг юксаклиги ва соҳада кенг кўламда меҳнат қилинганлигидан далолатдир.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Президентимиз томонидан 2022 йилни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилиниши маҳалла тизимидаги ташкилотлари жамоасига улкан масъулият юклайди.

Ўтган йил сарҳисоби бўйича, фонд тизимида самарали меҳнат қилган Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Янгиқўрғон, Уйчи ва Наманган туманларининг ходимлари ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА