Маҳалла эзгу ташаббуслар маскани
Фарғона вилояти Бешариқ туманидаги “Ифтихор” маҳалла фуқаролар йиғини янги бинода иш бошлади.
“Соҳибахон она таровати” масъулияти чекланган жамияти ташаббуси билан давлат-хусусий шерикчилик асосида қурилган бинода маҳалла аҳли ва фаоллари учун барча зарур шароитлар яратилган. Маҳалла фуқаролар йиғини биносининг очилиш маросимида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан “Темир дафтар” рўйхатига олинган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ўнга яқин ифтихорликларга 1 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди.

“Аёллар дафтари”га киритилган Муҳаббат Ҳошимова бир неча йилдирки хаста. Тўрт фарзанди бор. Оиланинг турмуш тарзи билан танишган мутасаддилар оила бекасининг тикувчиликда уқуви борлигини билишди ва унга янги тикув машинаси ҳадя қилинди. Шу маҳаллада яшовчи Мунаввара Тўйчиева бир неча йилдан буён юра олмайди, ногиронлик аравачасига муҳтож. “Маҳалла” хайрия жамоат фонди саъй-ҳаракати билан унинг кўп йиллик нияти ушалди.

– Фуқаролар йиғинлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, маҳаллани хусусий тадбиркорлик ва оилавий бизнесни ривожлантириш марказига айлантириш борасидаги амалий ишлар кўлами кенгайиб бормоқда, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Фарғона вилояти бўлими бошқаруви раиси Баҳодир Юлбарсов. – Шу кунга қадар вилоятда давлат-хусусий шерикчилик асосида янгидан қурилиб фойдаланишга топширилаётган маҳалла биноларининг 45 таси мебель жиҳозлари, 12 таси замонавий компьютер жамланмалари билан таъминланди.
М. Сулаймонов, ЎзА