“Маҳалла еттилиги” тизими амалиётга тадбиқ этилгандан буён аҳолининг муаммоларини маҳалла даражасида ҳал этиш самарадорлиги ошиб, еттиликнинг коллегиал қарорлари асосида маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи тобора яхшиланиб бормоқда. Шунингдек, маҳаллаларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланяпти, инфратузилмаси такомиллашиб, янги, замонавий қиёфа билан бойиб бормоқда.

Бу борадаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида 14 октябрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан маҳалла тизимидаги муаммолар, уларни бартараф этиш ечимлари, “маҳалла еттилиги” тизимини самарали ташкил этиш зарурати, маҳалларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, сўнгги йилларда маҳалла тизимида туб ўзгаришлар амалга оширилиб, аҳоли муаммоларини жойида ҳал этиш учун кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан ортиқ хизматлар бевосита маҳалла даражасига туширилганлиги ва ушбу тизим натижасида 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқарилганлиги, ишсизлик даражаси эса 2 баробар қисқарганлиги таъкидланди. Айниқса, 3,5 мингдан ортиқ маҳалланинг қиёфаси замонавий кўринишга келганлиги алоҳида қайд этилди ва бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш бўйича масъулларга вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда яхши натижаларга эришаётган маҳаллалар кўплиги таъкидланиб, шу билан бирга, айрим ҳудудларда жамоавий ишлаш тизими ҳали тўлақонли йўлга қўйилмаганига эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари маҳалла фуқаролар йиғинларига берилаётган ваколатлардан самарали фойдаланаётган маҳаллаларни эътироф этиб, Самарқанд шаҳридаги Шодлик маҳалласи ҳудудда фойдаланилмай турган бинони аукцион савдосига чиқариши натижасида ўз ҳисобига 5,1 миллиард маблағ туширишга эришганини ижобий тажриба сифатида таъкидлади.
– Бизга бўш турган биноларни аукционга чиқариш ваколати берилгани туфайли маҳалламиздаги собиқ корхона биносини 6 миллиард сўмга сотдик ва унинг 5,1 миллиард сўми маҳалла ҳисобига тушди, – деди йиғилишда сўзда чиққан Шодлик маҳалласи раиси Фурқат Содиқов. – Бу 90 га яқин янги иш ўрни яратиш имкониятини берди. Йил охиригача маҳалламиздаги барча ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаймиз, 8 та кам таъминланган оилани камбағалликдан чиқариб, ажрим ва жиноятчиликдан холи масканга айлантирамиз.
Шодлик маҳалласининг натижаси вилоятимиздаги 1080 маҳаллада, ҳатто республика миқёсида ҳам эришилмаган. Лекин энди бу борадаги ташаббускорликни бошқа маҳаллаларда ҳам оммалаштириш зарурлиги давлатимиз раҳбарининг томонидан алоҳида қайд этилди.
Йиғилишда Президентимиз маҳаллаларнинг ихтисослашувини давом эттириш, тозалик ва озодаликка алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини белгилаб берди. 15 октябрдан мамлакатимиз бўйлаб “Тозалик ва озодалик ойлиги” эълон қилинди.
Биз ҳам ушбу ойликни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида вилоятимиз аҳлига, “маҳалла еттилиги” аъзоларига чақириқ эълон қилдик.
Ойлик доирасида барча маҳаллалардаги аҳоли хонадонлари ва кўчаларни ободонлаштириш, томорқаларни тартибга келтириш, ариқ-зовурларни тозалаш, эҳтиёжманд оилаларнинг хонадонларини таъмирлаш, таълим ва тиббиёт муассасалари, зиёратгоҳ ва қабристонларга олиб борувчи йўлларни таъмирлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгиладик. Кечадан маҳаллаларимизда бу ишларга киришилди.
Шунингдек, йиғилишда республика бўйича бир мингга яқин замонавий маҳалла бинолари барпо этилиши, тадбиркорларга солиқ имтиёзлари берилиши айтилди. Бунинг учун, энг аввало, вилоятда “Ислоҳотлар штаби” доирасида тадбиркорлар билан маслаҳат қилиниб, маҳалла биносини қуриш учун аниқ жой белгилаб, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан ер ажратиб бериш вазифаси топширилди.
Шаҳар ва вилоят марказида тадбиркорлар томонидан қурилиб, пастки қаватида “маҳалла еттилиги” жойлашган бинолар 3 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши белгиланди. Қишлоқ жойларида эса бу имтиёз 7 йил муддатга бўлади ҳамда янги сервис объектлари ташкил қилинади.
Вилоятимизда жорий йилда 20 та маҳалла биноси фойдаланишга топширилган бўлсада, яна 50 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Йиғилишда берилган топшириқлар асосида бу борадаги ишларимизни янада жадаллаштирамиз.
Умуман олганда, Президентимиз раҳбарлигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши маҳалла тизимини янги босқичга кўтариш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш ва уларнинг ҳаётига бевосита таъсир этадиган ташаббусларни рўёбга чиқариш учун муҳим қадам бўлди.
Исроил ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи.
ЎзА