“Маҳалла еттилиги” фаолияти ўрганилмоқда
Маҳаллаларда белгиланган йўналишлардаги ишларни тизимли ташкил этиш, “Маҳалла еттилиги” томонидан олиб борилаётган ишлар, уларнинг ўзаро ҳамкорлиги масалалари билан танишиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова Андижонда бўлди.
Президентимиз ташаббуси билан маҳалланинг жамиятдаги нуфузи ва ролини ошириш, маҳаллани жойлардаги муаммоларни ҳал этадиган чинакам тизимга айлантириш, хусусан, маҳаллабай ишлаш тизимини кучайтириш, маҳалла фуқаролар йиғинлари масъулларининг иш самарадорлиги ҳамда масъулиятини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий этилган “Маҳалла еттилиги” тизими ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.
Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова Жалақудуқ, Марҳамат, Булоқбоши туманларида бўлиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти иш самарадорлигини ошириш, “Маҳалла еттилиги”нинг ўз имкониятларидан фойдаланиши, улар орасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишди.
[gallery-15927]
Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари, "Оқила аёллар ҳаракати" аъзолари билан учрашувларда ўтган йил давомида соҳада амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди, хотин-қизларни қийнаётган муаммолар, уларни бартараф этиш масалалари хусусида атрофлича сўз юритилди. Йўл қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама қилинди.
Бош вазир ўринбосари белгиланган ишлар самарадорлигини ошириш, мавжуд имкониятлардан тўлақонли фойдаланиш, келгусидаги муҳим вазифалар юзасидан таклиф ва тавсиялар, мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари