“Маҳалла еттилиги” билимини оширмоқда
Қоракўл туманида “маҳалла еттилиги” учун ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди.
Семинарда Қоракул тумани ҳокими Хуршид Тоиров иштирок этди.
– Мақсад “маҳаллабай” ишлашга масъул бўлган ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш ҳамда касбий фаолияти бўйича билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган, –дейди Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бош мутахассиси Воҳид Ниёзов. –Дастлаб вилоятдаги “маҳалла еттилиги”га дахлдор бўлган соҳа мутахассисларидан 20 нафар малакали тренерлар танлаб олиниб, улар Давлат бошқаруви академиясида тайёрланди. Ушбу тренерлар томонидан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидаги “Маҳалла еттилиги” учун ўқув- семинарлар ўтказилади.
Ўқув-семинарларда вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва муассасалардан жалб қилинган ҳудудий тренерлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини йўлга қўйиш, уларга қонунда белгиланган ваколатларини амалга оширишида кўмаклашиш масалалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2023 йил 22 декабрда ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берилган маҳалла тизими фаоллари зиммасидаги устувор вазифалар, маҳалла идоралари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари мазмуни тўғрисида ҳамда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторининг асосий вазифалари каби мавзулар юзасидан зарур маълумот ва тушунчалар берилади.
[gallery-15829]
Ўқувлар якунида иштирокчилардан тест синовлари олиниб, тингловчиларнинг мавзулар бўйича ўзлаштирганлик даражаси аниқланади.
Маълумот учун: тасдиқланган режа жадвалга асосан жорий йилнинг 31 январь – 26 февраль кунлари ўтказиладиган мазкур ўқув-семинарларда вилоятнинг 544 та маҳалласида фаолият юритаётган 3027 нафар маҳалла тизими ходими иштирок этади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари