Маҳалла банкирлари – халқнинг молиявий қалқони
Бугунги рақамли даврда инсон ҳаётини интернет, электрон тўловлар ва замонавий банк хизматларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Бироқ рақамли имкониятлар қанчалик кенгайса, киберфирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш ва молиявий хавфлар ҳам шунчалик ортиб бормоқда. Ана шундай шароитда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқарони рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасидаги муҳим вазифага айланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2026 йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилиниши маҳаллалар ҳаётида мутлақо янги босқични бошлаб берди. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан маҳаллаларда жорий этилган маҳалла банкири институти эса аҳолининг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ёшлар ва хотин-қизларни банд қилиш, оилалар даромадини кўпайтириш ҳамда молиявий хизматларни ҳар бир хонадонга етказишда энг муҳим бўғинга айланди. Энг муҳими, маҳалла банкирлари бугун нафақат молиявий маслаҳатчи, балки аҳолини замонавий киберхавфлардан огоҳ этувчи ишончли тарғиботчи вазифасини ҳам бажармоқда.

Ана шу эзгу мақсадлардан келиб чиқиб, маҳалла банкирлари ва ижрочи-ёрдамчи агентлар учун “Мижозларни киберфирибгарликдан ҳимоя қилиш” мавзусида ўқув семинари ташкил этилди.
Семинарда иштирокчиларга банк тизимида коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслик, Ўзбекистон Республикасининг “Банк сири тўғрисида”ги Қонуни талабларига қатъий риоя қилиш, аҳолига сифатли ва шаффоф хизмат кўрсатишнинг аҳамияти юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.

Тадбирнинг асосий қисми эса бугунги куннинг энг долзарб муаммоси — киберфирибгарликнинг янги кўринишларига бағишланди.
Мутахассислар шубҳали ҳаволалар орқали амалга оширилаётган фирибгарлик схемалари, уларнинг белгилари ва олдини олиш чораларини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб бердилар. Айниқса, қалбаки банк сайтлари, сохта акция ва совринлар, зарарли APK дастурлари, фишинг саҳифалари орқали шахсий маълумотлар ва банк карта маълумотларини қўлга киритиш усуллари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, битта шубҳали ҳаволани босишнинг ўзиёқ фуқаронинг банк ҳисобидаги маблағларидан айрилишига, шахсий маълумотлари фирибгарлар қўлига ўтишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис ҳар бир маҳалла банкири аҳолига интернет хавфсизлиги бўйича доимий тушунтириш ишларини олиб бориши, одамларни огоҳликка чақириши зарурлиги таъкидланди.

Семинарда сунъий интеллект технологиялари билан боғлиқ янги таҳдидларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, AI технологиялари ёрдамида инсон овозини аниқ нусхалаш орқали яқинлари номидан пул сўраш, раҳбар ёки таниш шахс қиёфасида Deepfake видеоқўнғироқлар уюштириш, грамматик жиҳатдан мукаммал ва ишончли кўринадиган AI Phishing хабарлари юбориш каби усуллар бугунги кунда энг хавфли кибержиноят турлари экани қайд этилди.
Тингловчиларга бундай вазиятларда ҳеч қачон шошма-шошарлик билан қарор қабул қилмаслик, ҳар қандай молиявий операциядан аввал маълумотни бир нечта манба орқали текшириш ва шахсий маълумотларни ҳеч кимга бермаслик бўйича амалий тавсиялар берилди.
Семинар давомида АТ Халқ банкининг аёллар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича бошлиқ ўринбосари Наргиза Латипова иштирокчилар учун “Тўлов тизими” мавзусида амалий машғулот ўтказди.
Унда нақдсиз тўловларнинг иқтисодий ва ижтимоий афзалликлари, банк карталари орқали тўловларнинг қулайликлари, нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоблар ўртасидаги фарқлар, мобил иловалар ҳамда QR-код орқали тўловларни амалга ошириш тартиби атрофлича тушунтирилди.
Шунингдек, банк карталаридан хавфсиз фойдаланиш, PIN-код ва CVV маълумотларини сир сақлаш, онлайн харидларда ишончли интернет дўконларини сохта платформалардан ажрата билиш бўйича ҳаётий мисоллар асосида муҳим тавсиялар берилди. Бу билимлар иштирокчиларнинг назарий билимлари билан бирга амалий кўникмаларини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бугун маҳалла банкири фақат кредит ёки банк хизматларини таклиф қилувчи мутахассис эмас. У ҳар бир хонадоннинг иқтисодий маслаҳатчиси, тадбиркорлик ташаббусларининг кўмакчиси, молиявий саводхонлик тарғиботчиси ва киберхавфсизлик бўйича ишончли йўлбошчисига айланмоқда. Президентимиз томонидан маҳаллаларда яратилган ушбу мутлақо янги институт аҳоли фаровонлигини таъминлаш, одамларнинг банк хизматларидан хавфсиз фойдаланиш маданиятини юксалтириш ва мамлакатда рақамли иқтисодиётни изчил ривожлантиришга хизмат қилаётгани билан алоҳида аҳамият касб этади.
Зеро, молиявий саводхонлик юксак бўлган жамиятда фирибгарликка ўрин қолмайди. Ҳушёр, билимли ва рақамли технологияларни тўғри қўллайдиган фуқаро эса нафақат ўз маблағини, балки оиласи фаровонлиги ва мамлакат иқтисодий барқарорлигини ҳам ишончли ҳимоя қила олади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири