
Наманганда Марказий банк вилоят бош бошқармасининг саъй-ҳаракатлари билан, 2024 йил 16 декабрда давлатимиз раҳбарининг ҳузурида ўтказилган йиғилишда банклар томонидан маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадли қилиш бўйича берилган топшириқлар ижроси доирасида, фуқароларни янада қўллаб-қувватлаш, уларга молиявий хизматларни яқинлаштириш ва тадбиркорликка жалб этиш мақсадида йўлга қўйилган “Маҳалла банкири” лойиҳаси фаолиятини бошлади.
Одамларнинг ижтимоий ва иқтисодий эҳтиёжларини жойида ҳал қилиш, ҳар бир киши билан яқиндан ишлаш ва маҳалланинг ривожланиш салоҳиятини кучайтиришда муҳим қадам бўладиган “Маҳалла банкири” лойиҳасининг бошланиши юртимизда ижтимоий адолат, иқтисодий барқарорлик ва халқ фаровонлигини таъминлашга қаратилган “Инсон қадри учун” тамойилининг яна бир амалдаги ёрқин намунасидир.



Жумладан, Уйчи туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларига мазкур хайрли ташаббус доирасида Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкининг ходимлари “Маҳалла банкири” сифатида тайинланди. Улар ўзига бириктирилган маҳаллалардаги аҳоли билан учрашувлар ўтказиб, уларнинг молиявий эҳтиёжларини ўрганишга ва муаммоларга тезкор ечим топишга киришдилар.
Қайд этиш лозимки, Миллий банк давлат раҳбари ташаббусининг биринчи иштирокчиси сифатида уйчиликларга молиявий кўмак ва хизматлар тақдим қилишда янгича ёндашувларни намоён этишни режалаштирган. Зеро, “Маҳалла банкири” – халққа яқин, муаммоларга ечим бўлиши муқаррар.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Cm7xfbWGazA" title="“Mahalla bankiri” ish boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Оқилхон Дадабоев, ЎзА