Республика Марказий банки бошқарма бошлиғи Н.Комилов, Бухоро вилоят марказий банк бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Жўраев, Бухоро шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Яхёев, секторлар раҳбарлари, тижорат банклари масъул ходимлари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари иштирокида банкларнинг асосий вазифалари нимадан иборат эканлиги юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда сўз олганлар Бухоро шаҳрига бириктирилган “Алоқабанк”, “Турон банк”, “Бизнесни ривожлантириш банки” ҳамда “Асакабанк”дан танланган 18 нафар ходимнинг 2025 йилда маҳаллаларда олиб борадиган ишлари хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, 65 нафар маҳалла агентларини лавозимга танлаш, улардан талаб қилинадиган асосий мезонлар хусусида фикр-мулоҳаза билдирилди.


Шунингдек, маҳалла банкирлари аҳоли даромадларини ошириш, ўзаро ҳамкорликнинг самарали тизимини яратишга қаратилган Уйчи, Сайхунобод, Зарбдор ва Ғиждувон туманларининг тажрибасини кенгайтириш бўйича ишларни давом эттириш таъкидланди. Маҳалла банкирлари ўзларига бириктирилган маҳаллаларнинг бизнес имкониятларини ўрганиши, одамлар билан гаплашиб, уларнинг ғояларини лойиҳаларга айлантириши, кредит олиш, қайтариш, бизнес очиш ва маҳсулотини сотишга ўргатиши, лойиҳаларга ҳамроҳлик қилиш юзасидан ўз режаларини баён қилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири