Маълумки, ҳозирда банкларнинг туман филиалларида “маҳаллабай” ишлаш бўлимлари ташкил этилиб, уларга “маҳалла банкирлари” тайинланди. Шунингдек, ҳар бир маҳаллада улар билан бирга ишлайдиган “ёрдамчи-агентлар” танлаб олиниб, “маҳаллабай” ишлайдиган янги тизим ишга туширилди.
Мазкур жараён Фарғона вилоятида ҳам уюшқоқликда амалга оширилиб, ҳудудларда “маҳалла банкири” фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу янги иқтисодий механизм аҳоли учун ҳам, банклар учун ҳам бирдек манфаатли бўлаётганини Фарғона тумани мисолида ҳам ўриш мумкин.
Бугунги кунда ушбу тумандаги 42 та маҳалла “Туронбанк” АТБга бириктирилган. Мазкур банк томонидан 12 нафар маҳалла банкири ҳамда 42 нафар маҳалла агентлари бириктирилди. Улар аҳоли манфаатларини самарали қўллаб-қувватлаш ва маҳаллада иқтисодий фаолликни ошириш борасида салмоқли ишлар олиб бормоқда.
Маҳалла банкирлари томонидан ўтган икки ойда 312 нафар аҳоли вакили тадбиркорликка жалб этилди.
Беруний маҳалласида яшаш хонадонида ноёб паррандаларни парваришлаб келаётган Аброрбек Абдураҳмоновга маҳалла банкири Саидмурод Мўминовнинг ёрдами билан 17 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Тадбиркор ушбу маблағ эвазига қўшимча равишда асалари парваришлашни ҳам йўлга қўйди.
– Аввало, Президентимизга раҳмат айтмоқчиман, - дейди Аброрбек Абдураҳмонов. – Бугун банкирларни маҳалланинг ўзига олиб келиб қўйди. Бу – аҳоли учун катта имконият аслида. Улар ҳар бир хонадонга кириб, одамлар билан суҳбатлашяпти. Бу тизимдан одамлар мамнун бўлмоқда. Кимдир тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлса, ҳозир бунинг учун барча имкониятлар бор.
Шу маҳаллада яшовчи автомашина устаси Зайлобиддин Баҳромовга ҳам маҳалла банкири таклифи билан замонавий дастгоҳлар ҳамда қўшимча даромад – қорамол боқиш учун 50 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.
Маълумот ўрнида. Айни пайтда Фарғона вилоятида жами 307 нафар маҳалла банкири фаолият олиб бормоқда.
Суратларда:
[gallery-22745]
ЎзА фотомухбири
Муқимжон ҚОДИРОВ олган суратлар.