“Мафтункор ранглар жилоси” танлови ғолиблари
Адлия вазирлиги Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда имконияти чекланган шахсларни бирлаштирувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Ёшлар ижод саройида “Биз биргамиз”ижтимоий лойиҳаси доирасида “Мафтункор ранглар жилоси” республика танлови бўлиб ўтди. Ушбу танловдан кўзланган асосий мақсад ногиронлиги бўлган ёшларнинг орасидан санъат ва спорт соҳаси бўйича иқтидорли ёшларни аниқлаш ҳамда муносиб тақдирлашдир.
Айтиб ўтиш керакки, болалар томонидан яратилган санъат асарларида ҳаётга бўлган меҳр ва интилиш, яшашга бўлган тиришқоқлик, келажакка бўлган орзу мутлақо ўзгача рангларда намоён бўлади.
Маълумот учун: 2019 йилда 7 ёшдан 17 ёшгача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшлар ўртасида расм чизиш бўйича “Мафтункор ранглар жилоси” республика кўрик- танлови ташкил қилинган. 2020 йилга келиб мазкур танловнинг рассомчилик йўналишига шахмат спорт тури ҳам қўшилди.
“Еcobozor”, “Korzinka.uz” савдо мажмуалари раҳбарлари билан тузилган келишувлар асосида ушбу савдо нуқталарида танлов иштирокчилари маҳсулотларини сотиш йўлга қўйилган.

Тадбирда расм чизиш ва шахмат спорт тури бўйича ўз ҳудудида ғолиб бўлган (ҳар бир вилоятдан биттадан) ўғил ва қиздан иборат 28 нафар иштирокчи қатнашди.
Танлов натижаларига кўра, расм чизиш мусобақаси бўйича биринчи ўрин Норжон Фаттоевага насиб қилди. Лола Сирожова иккинчи, Ҳулкар Эгамберганова учинчи ўринни эгаллади.
Шахмат мусобақасида Ҳожиакбар Саидмуродовга биринчи ўрин насиб қилди. Шеҳроз Даминов иккинчи, Шаҳриёрбек Ғуломов учинчи ўринни эгаллади.
Танлов иштирокчиларининг барчасига ноутбук, шахмат, электр чойнак, китоб ва бошқа қимматбаҳо совғалар, медаль ва фахрий ёрлиқлар топширилди.
Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ногиронлиги бўлган шахсларга қонунчиликда белгиланган имтиёзлар бўйича тушунтириш материаллари танлов иштирокчиларининг ота-оналарига ва яқинларига тарқатилди.
ЎзА