Мафкуравий хуружларнинг олдини олиш муҳим вазифа
Навоий шаҳридаги Маънавият-маърифат марказида Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилоят бўлинмаси ташаббуси билан Навоий вилоят ҳокимлиги, Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда мафкуравий хуружларнинг олдини олиш: муаммо ва таклифлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар оила ва маҳалланинг ижтимоий вазифалари, уларнинг жамият тараққиётидаги ўрни ҳамда миллий қадриятларнинг барқарорлигини таъминлашдаги ҳиссаси, ёшлар орасида мафкуравий иммунитетни шакллантириш, миллий маданий марказларнинг ёшларни тарбиялаш, уларга маънавий, ахлоқий, ижтимоий қадриятларни ўргатишдаги ўрни ва роли ҳақида тўхталиб ўтди.


– Маънавий хавфсизликни таъминлаш, маданий ва маърифий тадбирлар орқали ижтимоий-ахлоқий муаммоларни ҳал қилиш, миллий маданият ва уни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, оила ва маҳаллаларда маънавий қадриятларни сақлаш муҳим аҳамият касб этади, – дейди Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Навоий вилоят бўлинмаси раҳбари Абдулла Рўзиқулов. – Бугунги кунда мафкуравий таҳдидлар аҳолининг маълум бир қатламлари, асосан, ёшларнинг қарашларини ўзларига маъқул бўлган йўналишда ўзгартириш, ёлғон ахборот, диний экстремизм, ахлоқсизлик каби бузғунчи ғояларни сингдиришга уринишдек кўринишларда содир бўлмоқда. Айниқса, интернет тармоғи орқали тарқатилаётган ғаразли маълумотлар, турли бузғунчи ғоялар, одоб-ахлоқни емирувчи иллатлар ҳар бир ота-онани ташвишга солмоқда. Бу эса барчамиздан ёшлар тарбиясига янада эътиборли бўлишни талаб этади. Ёшларимизнинг маънавий оламида бўшлиқ пайдо бўлмаслиги учун уларнинг қалби ва онгида миллий қадриятларимизга ҳурмат туйғуларини шакллантиришимиз, бу борадаги тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.


Тадбир давомида ёшлар ва жамиятнинг маънавий хавфсизлигини таъминлаш, мафкуравий хуружларга қарши курашиш ҳамда ижтимоий барқарорликни сақлашга қаратилган таклиф, фикр-мулоҳазалар билдирилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири