Ўзбекистон Республикаси 1991 йил 31 август куни ўз давлат мустақилигини қўлга киритгач бирин-кетин ўзининг давлат рамзларини қабул қила бошлади.
Жумладан, давлатимизнинг байроғи, герби ва мадҳияси тўғрисидаги қонунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг сессияларида қабул қилинди.
Давлат рамзиларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг Давлат Мадҳияси тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни 1992 йил
9 декабрь куни қабул қилинди.
Мазкур қонун 12 та моддадан иборат бўлиб, қонуннинг 1-моддасида мадхиянинг матни ва мусиқий таҳрири тасдиқланиши баён этилган.
Қонуннинг 2-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчи эканлиги тўғрисидаги ҳуқуқий мейёр ўз аксини топган.
Қонуннинг 7-моддасида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси кўпчилик хузурида ижро этилган тақдирда хозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб, ўнг қўлини кўксига қўйиб тинглашлари тўғрисидаги қоида мустахкамланган бўлса, қонуннинг 8-моддасида Давлат мадҳияси ҳарбий қисм ва қўшилмаларда ижро этилган ҳолда ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Саф низоми талабларига мувофиқ ҳарбийча салом бериш ҳолатида бўлишлари баён қилинган. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Ички хизмат низоми 50-бандида Давлат мадҳияси ижро этилаётган пайтда сафда турган аскарлар команда берилмасдан қад ростлаган ҳолга ўтишлари, взвод командири ва ундан юқори бўлганлар бундан ташқари қўлларини бош кийимларига қадаб ҳарбийча салом бериш ҳолатига ўтишлари, сафдан ташқарида бўлган ҳарбий хизматчи эса сафона қадрослаш ҳолатига кириши, агарда бош кийими бўлса қўлини бош кийимига қадаши кўрсатиб ўтилган.
Мана, 1992 йил 10 декабрь кунидан буён Давлат мадҳиямиз жаранглаганда, (умумхалқ байрамларида, ҳарбий хизматчиларнинг Ватанга қасамёд қабул қилиш ҳамда янги ўқув мавзуми бошланиши ёки ўқув мавсумининг якунлаш жараёнида) уни тик туриб эшитамиз ва албатта қўшилишиб жўр бўлиб миллий мадҳиямизни куйлаймиз.
Мадҳиямиз турли муносабатлар билан чет элларда янграганда, биз уни бошқа давлатлар мадҳиялари билан қиёслаш имконига ҳам эга бўламиз. Ҳар кимники ўзига, оқ кўринар кўзига деган мақол бекорга айтилмаган. Лекин бу мақолни мадҳиямизга нисбатан қўллаш тўғри эмас. Чунки, Мутал Бурхонов мадҳия жанирининг дунёдаги бир мукаммал намунасини яратган. У ҳар қандай Ўзбекистонликнинг рухини кўтариб, қалбини жўш урдиради, фахр туйғусини кучайтириб юборади.
Мадҳия матнини Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган.
Мўжазгина бу мадҳия матни нихоятда пухта, пишиқ, бир сўз кам ёки ортиқча ҳам эмас.
Матн ўзи бор-йўғи тўрт бандан иборат бўлиб, нақорат икки бор кетганини ҳисобга олсак, жами ўн икки сатрда бор гап айтилган.
Сўз унча кўп эмас: то билан токи ни қўшиб ҳисоблаганда – 63 та.
Матннинг биров сезиб-сезмайдиган кўп бадий сири бор. Булар сўзларнинг маржондек терилгани, ёд олиш осонлиги, талаффузга қўлайлигида кўринади.
Лекин бунга асос бўлган энг муҳим хусусият шуки, шоир фақат қисқа-қисқа сўзлар ишлатади. Ўзбекистон сўзидан бошқа, хатто, биронта тўрт бўғинли калима ҳам йўқ.
Шоир мадҳия матнида қуйидаги ғояларни илгари сурган.
Биринчидан, бизнинг мустақил Ўзбекистонимизга таъриф берар экан, уни жон Ўзбекистон, серқуёш хур ўлкам, она юрт ва оламни махлиё айлаган диёр тарзида турли-турли ифодалар билан мадҳ этган.
Ватаннинг серқуёшлиги, хурлиги, унда то абад илму – фан, ижод яшнаши, шухрати жахон тургунча парлаши, элга бахт, нажод, дўстларга йўлдош, меҳрибон, истиқлол машъали, тинчлик посбони, халқсевар эканлиги баён этилган.
Иккинчидан, халққа таъриф берар экан, у эл, халқ, ўзбек деган сўзлар билан тилга олинган.
Учинчидан, шоир истиқлолга ҳам таъриф берган. Нақоратнинг учинчи мисрасида жаранглаган: Улуғ халқ қудрати жўш урган замон, - (истиқлол машъали, тинчлик посбони) сўзларининг маъно-моҳиятида истиқлол шарофатини улуғлаш ётганини сезиш қийин эмас.
Тўртинчидан, мадҳияда абадийлик рухи кучли сингдирилган. Яшнагай то абад илму-фан, ижод, аждодлар мардона рухи сенга ёр, эркин ёш авлодлар сенга зўр қанот ҳамда Халқсевар она юрт мангу бўл обод мисралари бевосита шунга хизмат қилдирилган.
Бир сўз билан айтадиган бўлсак, миллий мадҳиямиз Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган барча фуқароларда юксак маънавий ва ахлоқий фазилатларни тарбиялаш, фаол ҳаётий позиция ҳамда ватанпарварлик, мамлакат тақдири учун масъулият ҳисси билан яшаш, юртимиз мустақиллиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш туйғусини янада кучайтириш билан бир қаторда, уларни ҳар доим ватанимизни севиб, истиқлолимизни ўз вақтида қадрига етиб, мустақил янги Ўзбекистонда яшаётганидан фаҳрланиш туйғусини янада кучайтиради.
Полковник Қ.А.Азизов
Ўзбекистон Республикаси
Жамоат хавфсизлиги университети
Хизмат фаолиятини тарбиявий-психологик
таъминлаш кафедраси катта ўқитувчиси