Маданият маркази аҳоли хизматида
Наманган вилояти Косонсой туманидаги Учқўрғон маҳалласи ҳудудида капитал таъмирланган маданият маркази фойдаланишга таопширилди.
Йиллар давомида қаровсиз турган марказ биноси давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2021 йилда таъмирлаш режасига киритилган эди. Учқўрғон, Ширинбулоқ, Замондош маҳаллаларидаги 22 мингдан зиёд аҳолига хизмат қиладиган ушбу жой 3 миллиард 658 миллион сўмлик бунёдкорлик ишлари натижасида кўркам ва муҳташам масканга айланди. Янги кўриниш касб этган марказда бугун 300 ўринли томошалар зали, 10 дан ортиқ машғулот хоналари мавжуд бўлиб, 180 миллион сўмлик мусиқа асбоблари билан жиҳозланди. Эндиликда маданият кошонасида ҳам аҳоли, ҳам ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида тизимли ишлар олиб борилади.

Янги маданият муассасасининг тантанали очилиш маросимида туман маданият бўлими ходимлари томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар йиғилганларга хушкайфият улашди.
Байрам тадбирида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботиржон Нуриддинов, Косонсой тумани ҳокими Дилмурод Қодиров иштирок этди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА