Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси томонидан 18 апрель – халқаро ёдгорликлар ва тарихий жойларни сақлаш куни муносабати билан «Тарихий обида ва ёдгорликлар – халқимизнинг бебаҳо мулки» мавзусида тадбир ўтказилди.
Тизим ходимлари, тарихчи олимлар, манбашунослар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, олий ўқув юртлари талаба ёшлари иштирокидаги мазкур анжуманда вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуриддинов мамлакатимизда маданий мерос объектларини асраб-авайлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Мамлакатимизда миллий қадриятларни, юртимиздаги тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойланиш тўғрисида” ги Қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Наманган вилоятида қадимий ёдгорликларни ўрганиш, қайта тиклаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Қодиров таъкидлаб ўтганидек, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги “Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарори билан Наманган вилоятидаги 274 та моддий маданий мерос кўчмас мулк объекти давлат муҳофазасига олинган. Шундан, 152 таси археология ёдгорликлари, 98 таси архитектура ёдгорликлари объектлари, 8 таси монументал санъат асарлари ва 16 таси диққатга сазовор жойларни ташкил этади.
Бошқарма томонидан ўтган йил мобайнида реставрация қилиш лозим бўлган 6 та моддий маданий мерос объектига лойиҳа сметалари тайёрланиб, илмий Кенгашга тақдим этилган. Моддий маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация-тиклаш ишларини доимий назоратга олиш мақсадида жорий йилда давлат дастурига киритилган Косонсой туманидаги “Ғўзапоя масжиди”, Мингбулоқ туманидаги “Қолгандарё масжиди”, Наманган шаҳридаги “Хотира ва қадрлаш уйи” объектлари учун Илмий-кенгаш хулосаси олинди ва мазкур объектларда реставрация ишлари амалга оширилди. Моддий маданий мерос объектларининг давлат кадастрини юритиш, тарихий, илмий, бадиий ёки ўзгача маданий қимматга эга бўлган объектларни аниқлаш, уларни ҳужжатлаштириш ва давлат ҳисобига олиш, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари тоифалари ва қўриқланадиган теграларини белгилаш, шунингдек, улардан оқилона фойдаланилишини таъминлаш ишлари ҳам бошқарма зиммасида.
Анжуманда маданий мерос объектларини сақлаш юзасидан ҳукумат қарорлари ижроси, маданий мерос объектларини асрашга бўлган фуқаролик бурч ва масъулият, тарихий обида ва ёдгорликлар – халқимизнинг бебаҳо мулки мавзуларида эксперт ва олимларнинг маърузалари тингланди.
– Манбаларда келтирилишича, Наманганнинг тарихи яқин минг йилларга бориб тақалади. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқшунослик илмий-текшириш институтида сақланаётган “Тазкираи Буғрохоний” китобида ёзилишича, қорахонийлар султонлари X асрда Туркистонни, Фарғона водийсини забт этишади ва Ислом динини кенг ёйишади, – дейди манбашунос олим Аҳмад Убайдуллоҳ. – Қорахонийлар султони Содиқ Буғрохон пойтахт Ўзганда яшаган олим Аҳмад Бин Саъдиддин ал Ўзганийни чақириб, тарихий китоб ёзишни буюради.
Олим “Тазкираи Буғрохоний” китобини ёзишга киришади, кейинчалик олим маълум сабабларга кўра Наманганга келади ва ўз асарини охирига етказади. Бу ҳақида китобида ҳам битган. Айни шу асар – Наманганни қадимий шаҳар эканлигини тасдиқловчи илк ёзма манбадир. Ўтган асрлар давомида шу муқаддас заминда қурилган кўплаб асори атиқалар, тарихий қадамжолар йўқ бўлиб кетди.
Демак, бизга етиб келган, халқимизнинг меҳнати билан бунёд этилган ёдгорликлар, санъат асарлари, қўлёзма китобларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб, уни чуқур ўрганиш, келажак авлодларга қолдириш барчамизнинг муқаддас бурчимизга айланмоғи лозим.
Дарҳақиқат, миллий давлатчилигимиз тарихини ўзида акс эттирган ва маданий обидаларни ўрганиш, асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, аждодлардан ифтихор қилиш туйғусини юксалтиришга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.