Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев Оролбўйига ташриф буюрган Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) Бош котиби Султанбай Раев билан учрашди.
Қайд этиш жоиз, бугунги кунга келиб Турксой ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланган Ўзбекистон, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси билан ўзаро дўстлик ва маданий алоқалар ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилмоқда.

Ташкилотнинг алоҳида кўмаги билан ўтган йили декабрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида қорақалпоқ халқининг улуғ шоири Ажиниёз Қўсибой ўғлининг 200 йиллиги кенг нишонланди. Шунингдек, Турксой томонидан ташкил этилаётган туркий халқларнинг халқаро фестивалларида “Айқулаш” Қорақалпоқ давлат миллий фольклор ансамбли, Ўзбекистон давлат филармонияси Қорақалпоғистон бўлими жамоалари фаол иштирок этиб келмоқда.

Ташкилот бош котиби, таниқли драматург Султанбай Раевнинг “Тож” пьесаси Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театри жамоаси томонидан саҳналаштирилгани яқин шериклик муносабатлари янада мустаҳкамланиб бораётганининг ёрқин мисолидир.
Учрашувда маданият ва санъат соҳасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, Қорақалпоғистонда халқаро фестиваль ва анжуманларни ўтказиш бўйича ўзаро фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.