Мақсад муносабатни белгилайди
Мамлакатимизда ноширчиликни ривожлантириш, китоб нашр қилишни кўпайтириш, китобхонликни оширишга эътибор қаратилмоқда.
Маънавият
Мамлакатимизда ноширчиликни ривожлантириш, китоб нашр қилишни кўпайтириш, китобхонликни оширишга эътибор қаратилмоқда.
“Akademnashr” ижобий кўрсаткичларга эга, барқарор фаолият кўрсатаётган нашриётлардан биридир. ЎзА мухбири нашриёт бош директори Санжар НАЗАРОВга китобот санъати, китобхонлик тўғрисида саволлар билан мурожаат қилди.
– Болалигим китоблар орасида ўтган. Уйимизда бир неча тилдаги китоблар бўларди, – дейди С.Назаров. – Отам раҳматли рус, олмон тилларида ҳам бемалол мутолаа қиларди. Шунинг таъсирида мактабга чиқмасданоқ китоб ўқишни бошладим. Секин-аста китоб саралашни ўргандим. Варақлаганим юзлаб китоблар орасидан бир тур нашрлар алоҳида ажралиб турарди. Уларни бемалол китобот санъати, ноширчиликнинг чўққиси деса бўларди. Улар “Akademnashr” белгиси билан чоп этилган китоблар бўлиб, кекса авлод зиёлиларига жуда яхши таниш эди. Шу-шу бу сўз мен учун энг яхши китоб деган тушунчани англатгувчи бир рамзга айланди. Вақти келиб ўз нашриётимга асос солар эканман, фақат энг яхши китобларни нашр этиш орзусида нашриётни ҳам шундай номладим. Бугунгача бутун фаолиятимиз шу ишга – энг яхши китобларни чоп этишга йўналтирилган.
2004 йилда бир гуруҳ ҳаммаслак, жонсарак зиёли дўстларимиз билан жаҳон тафаккури дурдоналарини ўзбек тилига ўгириш ва нашр этиш лойиҳасини бошлаганмиз. Кўпчилик яхши танимайдиган ўзбекнинг чўнг ўғлонларидан бири, катта эстет-библиофил, ёзувчи Мирзакалон Жўраев бу лойиҳанинг бошида турганди. Мирзакалон ака тўсатдан вафот этгач, лойиҳа ҳам тўхтаб қолган. “Академнашр” – кўп жиҳатдан ўша лойиҳанинг давомчиси. 2008 йилда хусусий ташкилотлар орасида биринчилардан бўлиб ноширлик фаолиятини юритиш ҳуқуқини берувчи лицензияни қўлга киритдик.
Оёққа туриб олиш, носоғлом бозор муҳитида ўрнимизни топиш осон бўлгани йўқ, албатта. Биз тетапоя қила бошлаган пайтларда жамиятимиз китобдан анча узоқлашиб қолган эди. Мамлакатимизнинг энг йирик китоб дўконларидан бири – “Шарқ зиёкори”нинг раҳбари Умиджон Холиқов қизиқ ва айни пайтда ўта ачинарли бир воқеани сўзлаб берганди. Ўша йилларда китоб савдосини йўлга қўйиш учун улар бозорлардан бирида кўчма савдо уюштиришган. Кун охирлаб китобларни йиғиштираётган пайтда кўринишидан зиёлинамо бир киши бозордан тўрхалта кўтарганча қайтаётган экан. Китобларни кўриб, таажжубланиб томоша қила бошлаган. Орада китоблар қаердан келтирилганлигига қизиққан. Ўзимизда чоп этилганлигини эшитиб, ҳайратланганча: “Нима, бизда ҳалиям китоб чиқадими?” деб сўраган экан. Ана шунақа пайтларда ноширчиликка қадам қўйдик. Хусусий нашриётларга олдиндан тайёрланган қолип орқали баҳо бериш урчиган эди. “Хусусиймисан – соққакаш, пулфурушсан. Мақсадинг пулдан бошқа нарса бўлиши мумкин эмас” деган қараш бор эди. Шукрки, ўшанда вақтнинг кайфиятига таслим бўлмадик. Фалсафанинг олтин қоидаси бор: “Мақсад муносабатни белгилайди”. Ноширликда доимо энг юксак мақсадларни орзу қилдик. Бу эса муносабатимизни шакллантираверди.
– Бугун баъзи нодавлат нашриётлар пулнинг орқасидан чопаётганида, айниқса, адабиёт йўналишидаги энг сара асарларни чоп этиш орқали зиёлилар орасида ҳам анчагина обрў-эътибор қозондингиз. Нашриётнинг позициясини ким белгилайди?
– “Akademnashr”нинг ажойиб жамоаси бор. Нашриётнинг позициясини улар белгилашади. Бизнинг савдо бўлимимизни ҳам олий маълумотли филолог бошқаради, бош ҳисобчимиз ва матбаа бўлимимизнинг бошлиғи эса жамоадаги энг китобхон ходимлар. Йиллик мавзулар режамизга уларнинг ҳар бири ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Айни кунларда нашриёт ўз фаолияти давомидаги энг яхши ижодий жамоага эга бўла олди. Бу жуда муҳим. Чунки ҳар битта яхши ходимнинг ортида битта шахс туради, шахслар ўз даражаларини ушлаб туриш масъулиятини яхши ҳис қилишади. Бу эса нашриётни хато қадамлардан сақлайди. Масалан, бош рассомимиз Баҳриддин Бозоров мамлакатимизда китоб дизайни соҳасини янги босқичга олиб чиққан уста мутахассис эканлигини бугун кўпчилик тан олади. Бу одамга паст савияли биронта китобни маъқуллатиш деярли имконсиз. Чунки, айтганимдек, нашриёт учун масъулиятни ҳис қилиш билан бир пайтда шахснинг даражасини ушлаб туриш, “обрўсига тўғри келадиган иш қилиш” масъулияти ҳам бор. Бу нашриёт позициясининг ўзагини шакллантириб беради. Агар “Akademnashr”да биронта ижобий фазилат мавжуд бўлса, бу нашриёт ходимларининг меҳнатлари туфайли.
– Нашриётга белгиланганидан кўпроқ пул тўлов қилиб, олди- қочди, саёз мазмунли китоблар чиқариш ҳолатлари ҳам бўлганми? Демоқчиманки, моддий жиҳатдан мажбур бўлганмисизлар?
– Фаолиятимизнинг бошида бунақа ҳолатлар балки бўлгандир. Чунки маошдан маошга етиб олиш ғамида юрардик. Доимо режамизда нашр этилмасдан қолиб кетаётган ўнлаб китоблар бўларди. Катта лавозимда ишлаган, ҳаваскор бир шоирнинг ёстиқдай сайланмасини чиқазиб, фойдасига режадаги дурдоналардан бирини чиқарганимизни эслайман. Шукрки, охирги йилларда оёқда мустаҳкам туриб олдик. Ҳозир китоб маъқул бўлмаса, таклиф қилинаётган маблағдан қатъий назар, режага киритмаймиз. Қолаверса, номимиз биз учун ишлай бошлаган даврларга етиб келдик. Ҳозир кўпчилик муаллифлар китоби бизда босилиш-босилмаслигини олдиндан ўзлари ҳам билишади. Шунинг учун “биз истамаганлар” бизни кўпам безовта қилаверишмайди.
– Китоб ва китобхонликка давлат миқёсида эътибор қаратилаётган кунларга ҳам етиб келдик. “Akademnashr” яна қандай катта режаларни кўзлаяпти?
– Соҳанинг ичидан туриб қараганда китоб ва китобхонликнинг аҳволи жуда ҳавас қилгулик эмас. Бизда китоб жуда кам, фожиавий даражада кам нашр этилади. Ривожланган мамлакатлар билан таққосланса, бир неча ўн маротаба фарқ бор. Табиийки, бу фарқ бизнинг зиёнимизга. Болалар учун зеҳнни ўстирувчи, илмий-оммабоп нашрлар деярли йўқ. Соҳага берилган имтиёзларнинг бекор қилиниши, муаллифлик ҳуқуқи ҳимояланмаганлиги ва китоб маҳсулотларини қалбакилаштиришга қарши ҳеч қандай чора кўра олмаслигимиз яқин келажакда аҳвол янаям ёмонлашишига далолат қилади, афсуски. Бу ҳақда сўнгги пайтларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда жуда кўп чиқишлар қилинди, ҳозирча фойдаси сезилмаяпти.
Лекин ҳаракатдан тўхташ йўқ. Режаларимиз жуда кўп. Асосий эътиборни болалар учун зеҳнни ўстирувчи, илмий-оммабоп нашрларга қаратмоқчимиз. Ҳозир шу йўналишдаги хориж нашриётлари билан алоқа ўрнатиб, улардан энг илғор китобларнинг муаллифлик ҳуқуқларини сотиб олиш устида ишлаяпмиз. Адабиёт мухлислари учун ҳам тайёрлаётган совғаларимиз бисёр. Жаҳон ва ўзбек адабиётининг энг илғор намуналарини режага киритганмиз. Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Сўз чамани” деб номланган янги рукнга асос солдик. Унга Навоий, Атоий, Лутфийлардан тортиб Абдували Қутбиддин ва Бахтинисо Маҳмудоваларгача бўлган ижодкорларнинг энг сара шеърлари киритилади ва чўнтакка сиғадиган бичимда, лотин алифбосида нашр этилади. Бу лойиҳа ёш авлодни адабиёт билан ошно қилиш йўлидаги жиддий қадамлардан бири бўлишидан умид қилаяпмиз.
– Санжар Назаров ўзи қанақа китобхон? Мутолаага вақт топиладими?
– Вақт ажратишга ҳаракат қиламан. Чунки китоб ўқимасдан на шахс сифатида, на ношир ва на тадбиркор сифатида ўса олмаслигимни биламан. Қўлга тушганини ўқиб кета олмайман, саралашга ҳаракат қиламан. М.Вебер, О,Гассет, К.Юнг, Э.Фромм, З.Фрейд асарлари таъсирида дунёқарашим, Х.Л.Борхес, А.Платонов (яқинда шу икки классикни ўзбек тилида нашр этишга мушарраф бўлдик), К.Гамсун, У.Фолкнер, Р.Акутагава, Ф.Достоевский, Ф.Кафка, А.Камю, Ҳ.Ҳессе, Г.Маркеслар таъсирида дидим шаклланган бўлса керак. Аммо ҳозир қўйиб беришса, “Капитан Врунгелнинг саргузаштлари”, “Гулливернинг саёҳатлари”, “Калила ва Димна”ларни жон деб ўқиган бўлардим. Бу матнлар қатида болалигим қолиб кетган, улар соғинчнинг тимсоли мен учун.