Мақом катта илм, уни тушуниш бахт
Мақом – бутун дунёда эътироф этилиб, юқори баҳоланадиган санъат.
Мақом – бутун дунёда эътироф этилиб, юқори баҳоланадиган санъат. У бағрикенглик, инсонпарварликни тарғиб қилади. Кейинги йилларда мамлакатимизда ана шундай пок туйғуларни тараннум этувчи мақом санъатига сезиларли даражада эътибор қаратилмоқда.
ЎзА мухбири мақом йўналишида ижод қилиб келаётган ижодкорлардан бири — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова билан суҳбатлашди.
– Мақом санъати ижодкордан нима талаб қилади?
– Мақом бу — катта илм. Шундай экан илмга дидсиз, савиясиз одам яқинлаша олмайди. Соҳа кишидан юксак салоҳият талаб қилади. Мақом шунчалик кучли санъатки, ижодкорни тафаккур қилишга, санъатга яқинлашишга, уни яхшироқ тушунишга чорлайди. Санъаткорни ўз устида ишлашга ундайди. Мақом доимий ҳаракатни, изланишни талаб қилади. Шунинг учун мақомчилар ҳар қандай вазиятда исталган қўшиқни ижро этишга шай туради.
Мақомга яқинлашиш мумтоз поэтикага, тасвирий санъатга яқинлашишдир. Мақом кишига адабиётни севиб, гўзалликнинг қадрига етишни ўргатади, ижрочига иштиёқ ҳадя этса, тингловчига мудом нафис туйғулар инъом этади.
– Бугунги кунда мақомчилар меҳнатига яраша эъзоз топаяптими?
– Яқин 3-4 йилдан буён мақомга катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимизда илк маротаба Халқаро мақом санъати анжумани ўтказилди. Бу бироз қадди чўкиб қолган мақомчилар кайфиятини кўтарди. Аммо аксарият юртдошларимиз, айниқса, ёшлар мақомни эшитмай қўйди. Улар маъно-мазмунсиз қўшиқлар эшитиб умрини беҳуда ўтказиб юборяпти. Мақомни тушуниш, уни англаш катта бахт. Бу бахт барчага ҳам насиб этавермайди, деган гапларда жон бор экан. Ана шу сабаб асл истеъдодлар бироз эътибордан четда қолмоқда.
– Халқни мақом санъатига яқинлаштириш учун нима қилиш керак, деб ўйлайсиз?
– Халқимиз мақомдан анча узоқлашди. Чунки улар ардоқлаб кўтариб юрадиган телефонларида мумтоз қўшиқларимиз йўқ, телевидениеда мақомчилар ижоди кам бериб борилади. Концерт дастурларида мумтоз куй-қўшиқларни камайтиришга ҳаракат қилинмоқда. Тўй-ҳашамларда эса саҳна тўрини аллақачон бачкана санъаткорларга топшириб қўйганмиз. Бунда истеъмолчиларининг ҳам айби бор. Чунки эрталабки тўй маросимларига ҳам катта ашулани айтолмайдиган санъаткорларни чақиряпти. Ҳатто шу маросимларда ҳам жонли ижродан кўра фонограммани афзал кўрмоқда.
– Ҳар бир соҳа вакиллари доирасида ўзига хос муҳит бўлади. Айтинг-чи, санъаткорлар орасидаги ижодий муҳитдан қониқасизми?
– Қарға-қарғанинг кўзини чўқимайди, дейишади. Аммо бугун санъаткорлар ўртасида бир-бирини ғийбат қиладиганлар, ортидан ёмонлаб юрадиганлар пайдо бўлиб қолган. Ижтимоий тармоқларда эрта-ю кеч ғийбатлашиб ўтирадиган савиясиз санъаткорлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, айрим “санъаткор”лар туфайли ижодий муҳитни яхши дея олмайман. Бири бошқасидан ўзарга интернетда видео чиқишлар қилишади. Униси қўйса, бунисига тош отади. Қўяверинг, бу демократияда, дейишади. Кечириб қўясиз, демократия майда-чуйда гапни чайнаш эмас. Демократия инсонни олдинга чорлайдиган илғор ғояларни илгари суришдир... Бугун айрим санъаткорлар ўша майда-чуйда нарсалар орасида ўралашиб қолаётгани жаҳлимни чиқаради. Бундан “пиар” сифатида фойдаланаётгани эса кулгили ҳол.
– Мақом санъати йўлида озми-кўпми хизмат қилган ижодкор сифатида бугунги ёш мақомчиларнинг ижодига қандай баҳо берасиз?
– Ёшларимиз ёмон кетмаяпти. Овоз бор, уни намоён этишга замин яратилмоқда. Аммо аксариятида қунт ва дид камроқдек. Ўз устида ишлагиси келмайди. Камчиликларини айтсангиз қабул қилмайди. Сочини сариққа бўяб олиб, тор шимда саҳнага чиққиси, тезроқ машҳур бўлиб, тўйма-тўй юргиси келади. Ўта дидсиз кийинади ва шу аҳволда казо-казо устозлардан сабоқ олгани келишади. Аввало мақомни қадрлаган одам йиртиқ шим кийиб машғулотларга келмайди. Тўғри миллий кийиниш ҳамма вақт ҳам қулай бўлмаслигини тушунаман. Дид билан кийиниш ҳам алоҳида санъат. Санъаткор аҳли кийиниши билан одамларга ўрнак бўлиши керак. Гўзал хулқи ва одоби билан халқни ўз ортидан эргаштира олиши лозим.
– Мақом санъатига қизиқувчилар сони кўп, аммо унга эҳтиёж камдек...
– Миллатимиз қачонки, мақомга қайтса, бизда ўсиш бўлади, юксалиш бўлади. Одамлар орасида одамгарчилик, бағрикенглик урчийди. Мақом шундай кучки, у оҳанрабодек кишини ўзига жалб қилади. Халқ орасида қанчалар мақомга эҳтиёж камайса, бунда улар орасида зиёли одамларнинг камайиши билан изоҳлаган бўлардим. Мақом бу, энг аввало, шарқона тарбия демакдир. Кимдир миллий қадриятлар руҳида униб-ўсган бўлса, у албатта мақомни тушунади, ҳис қилади...
Ёш мақомчиларнинг кўплиги яхши, албатта. Қашшоқ кўпайгандан, машшоқ кўпайгани афзал, деб бежизга айтилмаган. Мақом йўли катта мактаб, катта тажриба. Мақомдан чиққан ҳар бир санъаткор, албатта, келажакда ўз ўрнини топади. У ўз овозига эга бўлибгина қолмасдан, сўзни тушунади, адабиётни англаб улғаяди.