Маҳаллий шароитда дори ишлаб чиқариш кўпаймоқда...
Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган дори воситалари юқори сифатлилиги билан харидорларга манзур бўлмоқда.
Термиз шаҳридаги “NOVA PHARM” Ўзбекистон – Ҳиндистон қўшма корхонасида ишлаб чиқарилаётган дори воситалари юқори сифатлилиги билан харидорларга манзур бўлмоқда. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган корхона фаолияти босқичма-босқич кенгайиб, фармацевтика маҳсулотлари тури ошиб бораётир.
Қўшма корхонанинг дастлабки босқичида турли антибиотик, оғриқ қолдирувчи, иссиқ туширувчи дори воситалари тайёрлаш йўлга қўйилган бўлса, кейинги йилларда фойдаланишга топширилган иккинчи босқичида сифатли ва ноёб кукун, шифобахш дамлама ва турли сироплар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бу билан 20 га яқин дори воситаларининг катта маблағ эвазига четдан олиб келинишига барҳам берилди.
Мутахассисларнинг фикрича, корхона фаолиятининг босқичма-босқич кенгайтирилаётгани мамлакатимиз фармацевтика саноатини ривожлантириб, даволаш-профилактика муассасаларининг арзон, сифатли дори воситаларига бўлган талабини қондиришга, юртимизнинг экспорт салоҳиятини янада оширишда ўзига хос ўрин тутмоқда.

Доривор гиёҳ ва ўсимликларига бой ҳамда уларни етиштириш учун қулай иқлимга эга Сурхондарёда фармацевтика саноати юксалмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 3 майдаги фармонига асосан ташкил этилган “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси ҳам бу борадаги ишлар кўламини янада оширди.
Фармонга мувофиқ эркин иқтисодий зонага инвестиция киритган маҳаллий ва хорижлик сармоядорларга кўплаб имтиёз берилаётгани катта қизиқиш ўйғотган хиндистонликлар жанубдаги воҳанинг иқлими ва доривор гиёҳларини чуқур ўрганиб, шифобахш гиёҳларни кўпайтириш, парваришлаш, шунингдек, ҳудуднинг иҳлимига мос доривор ўсимликларни етиштириб, мақсадли фойдаланиш юзасидан истиқболли режаларни белгилаб олди. Шу мақсадда “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиб, маҳаллий шифобахш ўсимликлардан юқори самарали, ишончли дори-дармон ишлаб чиқаришга бел боғлади.
Давлатимиз раҳбарининг бевосита ғояси асосида барпо этилган “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси плантацияларида эндиликда маҳаллий шароитда ўсадиган мойчечак, олабўта, занжабил, арслонқуйруқ, наматак, тирноқгул, гулхайри, қирқбўғин, бўригул, кийик ўти, ковул каби кўплаб гиёҳлар билан бирга хиндистонликлар парваришлайдиган рахитака, трифала, шанкхапушпи, сариқ йўнғичқа, қора седана сингари ноёб ўсимликлар ҳам етиштирилади.
–Термиз шаҳридаги “Нова-Фарм” қўшма корхонаси доривор ўсимликлар плантациясини ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун яратиш, ноль циклдан таблетка ҳолатидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш корпусини модернизация қилиш ҳамда ноль циклда қуруқ ва суюқ инъекция шаклидаги дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳалари билан иштирок этмоқда, – дейди “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси раҳбари М.Очилов. – Бунинг учун сармоядорлар 1 миллион доллардан ортиқ инвестиция киритмоқда. Айни пайтда хорижлик ҳамкорлар куркима, шамбалай, қора седана каби гиёҳлар плантациясини яратиб, уларни парвариш қилмоқда. Мазкур лойиҳалар йил якунигача фойдаланишга топширилиши билан маҳаллий шароитда етиштирилган доривор гиёҳларни қайта ишлаб, арзон, сифатли, самарадор ва рақобатбардош дори-дармон ишлаб чиқариш бошланади.

Қўшма корхона жамоасининг шифобахш гиёҳларга бой сўлим гўша имкониятларидан оқилона фойдаланаётгани ишлаб чиқариладиган дори воситалари таннархини арзонлаштиради. Маҳаллий бозордан ортиқ қисмини хорижга жўнатиб, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади.