Маҳаллий хомашёдан экспортбоп маҳсулот
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналарини техник ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳаллий хомашёдан сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, аҳолининг бандлик даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизда ишлаб чиқариш корхоналарини техник ва технологик қайта жиҳозлаш, маҳаллий хомашёдан сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини янада кўпайтириш, аҳолининг бандлик даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хоразм вилоятида саноат корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш ишлари изчил олиб борилаётгани самарасида тизимда тайёрланаётган маҳсулотларнинг тури, ҳажми, сифати, рақобатбардошлиги ва харидоргирлиги ошиб бормоқда.
Президентимизнинг 2012 йил 22 ноябрда қабул қилинган “2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори бу борадаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлаётир.
Урганч шаҳридаги “Хоразм-Нуртоп” корхонаси кўпдан буён банкротлик ҳолатида эди. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг молиявий кўмагида унинг ўрнида “URGTEX” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилиб, замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланди. Бир йилда 2 минг 500 тонна ип-калава ишлаб чиқариш қувватига эга корхонада ишлаётган 190 нафар ишчининг аксарияти касб-ҳунар коллежи битирувчиларидир.
– Ишга келаётган ёшлар компьютер технологияларини пухта ўзлаштирган, билимли, меҳнатсевар, – дейди корхона директори Султонбек Оллаберганов. – Бундан биз ғоят хурсандмиз. Шунинг учун корхонада ёшлар учун янги иш ўринлари яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тайёрланаётган маҳсулотларнинг 60-70 фоизини экспорт қилишни режалаштирганмиз.
Корхонада устоз-шогирд анъанаси яхши йўлга қўйилган. Коллежни тамомлаб мустақил ҳаётга қадам қўйган ёшлар кўп йиллик тажрибага эга ишчиларга бириктирилган.
– Янгиариқ агро-бизнес касб-ҳунар коллежини битирдим, – дейди Озода Отажонова. – Туманда ўтказилган меҳнат ярмаркасида мазкур корхона билан шартнома тузиб, ишга жойлашдим. Самарали меҳнат қилиш, дам олиш учун барча шароит яратилган корхонада ип йигирув дастгоҳларини тўғри ишлатиш, сифатли ва экспортбоб ип калава тайёрлаш сирларини ўрганмоқдаман.
Иқтисодиётнинг муҳим тармоқларини таркибий ўзгартириш, модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани, айниқса, қишлоқ жойларда жадал ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар иқтисодий барқарорлик, энг муҳими, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.