Маҳалла – сардобалик болалар нигоҳида
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Сардоба ва Мирзаобод тумани болалари ўртасида расмлар танлови ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Сардоба ва Мирзаобод тумани болалари ўртасида расмлар танлови ўтказилди.
Сирдарёнинг Янгиер шаҳридаги педагогика коллежи биносида Сардоба ва Мирзабод туманларининг вақтинча эвакуация қилинган аҳолиси ўз фарзандлари билан истиқомат қилмоқда. Бу ерда карантин талабларини сақлаган ҳолда 80 нафардан зиёд 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар ўртасида “Менинг маҳаллам”, ”Менинг оилам” ва “Биз биргамиз” мавзусидаги расмлар танлови бўлиб ўтди.
Расмлар танлови болалар учун ҳақиқий байрамга айланди. Улар маҳалласи ва оиласи ҳақида ўз тасаввурлари, ўй-хаёллари, фикрларини расмларда акс эттирдилар. Айниқса, маҳалласининг ва оиласининг бирдамлиги, ўз уйи, атрофидаги табиат ва инсон бахт-саодати ҳақидаги беғубор тасаввурни акс эттиришга интилдилар.
“Биз биргамиз” шиори остида чизилган расмларда шундай вазиятда Президентимизнинг улар билан бирга эканлигини ҳис қилаётганлиги тўғрисидаги фикрлари ҳам ифодалангани эътиборга моликдир.
Танлов болаларнинг ёшига қараб, икки гуруҳга бўлинган ҳолда ташкил этилди. Унинг натижаларига кўра, ҳар бир гуруҳ ғолиблари алоҳида мукофотланди. Шунингдек, танловнинг барча иштирокчиларига совғалар топширилди.