Мўъжизали қуёши бор, Ўзбекистоннинг
Олмазор туманида бунёд этилган кўнгилочар масканга назар ташлар эканман, ўзимни дунёнинг энг гўзал мамлакатида, деб ҳис қилдим.
Ватан манзаралари
Пойтахтимизнинг Олмазор туманига бормаганимга ҳам анча вақт бўлибди. Тахминан уч йил. Яқинда иш билан бориб, таниёлмай қолдим. Туманнинг энг қолоқ жойлари ҳам ободонлаштирилиб, гўзал масканга айлантирилибди.
Олмазор туманида бунёд этилган кўнгилочар масканга назар ташлар эканман, ўзимни дунёнинг энг гўзал мамлакатида, деб ҳис қилдим.
Тумандаги “Соҳил бўйи” кўнгилочар маскани мамлакатимиз раҳбарининг 5 та муҳим ташаббуси асосида обод ва файзли масканга айланибди. Бу ерда вақт ўтганини сезмайсиз.

Масканда китоб ўқиш, маънавий ва жисмоний ҳордиқ чиқариш учун барча шарт-шароитлар бор. Амалга оширилаётган ислоҳотлар, илгари сурилган ташаббус, мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишлари ҳаммаси бир-бирига чамбарчас боғлиқлигини англаб етдим. Бир томонда чуғурлашиб велосипед учаётган болалар, бир томонда фарзандларини табиат қўйнига сайрга олиб чиқиб, маданий ҳордиқ чиқараётган ёш оилалар, сув бўйида ўтириб мутолаа қилаётган ўғил-қизлар-у, юртимизнинг мустақиллик тўйига бел боғлаб хизмат қилаётган ҳашарчилар, барчанинг юз-кўзида битта туйғу – бахтиёрлик ҳисси!

Бир донишманддан сўраган экан:
– Мўъжиза бор нарсами?
– Бор, – жавоб берди файласуф. – Қуёшнинг чиқиши ҳақиқий мўъжизадир.
Мен эса шу жумлани давом эттирмоқчиман: Ўша мўъжизали қуёш Ўзбекистондадир.




Дилором Омонова, нафақадаги ўқитувчи