ЛУҚМА: Бу қанақа бозор?
–Эрмакка бозор чиқадиган, айланадиган замон эмас, – дейди нафақадаги ўқитувчи Хадича Эргашева.
Эрта тонгдан Чилонзор туманидаги «Ўрикзор» ва «Отчопар» бозорларига Тошкент ҳалқа йўли бўйлаб борувчи манзил томон йўлингиз тушса, икки бозор оралиғидаги қарийб бир километрдан узоқроқ йўл тўсилиб, ёйма савдо авжига чиққанини кўрасиз. Тошкентнинг сокин кўчаларидан тўсатдан бориб қолган кишининг ақли шошади. Тумонат одам. «Ол-ол» ва тартибсизлик авжида.
Пандемия туфайли ташкил этилган кўчма бозорга оралаганимда хаёлимда достонларимиздаги бозор манзаралари гавдаланди. Қадимий бозорлардаги каби олмоқчи бўлган нарсаларингизни излаб кетаверасиз. Мен ҳам беихтиёр бахши бобомиз Эргаш Жуманбулбул ижро этган айтимларини ичимда ҳиргойи қилиб йўлимда давом этдим: «Чангиб ётган ун бозори, Қўқиб ётган жун бозори, Анов мурсак тўн бозори, Пичоқ бозор, қин бозори, Қалпоқ бозори қайсиди?»

–Эрмакка бозор чиқадиган, айланадиган замон эмас, – дейди нафақадаги ўқитувчи Хадича Эргашева. – Бозорга келганларнинг барчаси зарурлигидан шу ерда юрибди. Мен ҳам набираларим, келиним ва ўзимга либос олишга келдим. Нархлар арзон. Аммо бу ерда на раста бор, на бир тартиб. Ерга сочилган, машинага илинган кийимларни олишга мажбур бўляпмиз. Бошқа йўл йўқ. «Бутик»ларда тозагина турган кийимларни олайин десак, нарх-навоси жуда қиммат. Ҳозир карантин бўлгани учун ортиқча пул йўқ. Ҳамма биз каби арзонига чопади.
–Тирикчилигимиз савдодан бўлгани учун турмуш ўртоғим билан эл қатори шу ёйма бозордамиз, – деди Сирож Аҳроров. – Ҳар куни кечқурун машинада товарларимиз билан келиб, жой эгаллаймиз. Азонлаб товарларни сота бошлаймиз. Савдо ёмон эмас. Эҳтиёж кўп. Ёзги ва баҳорги кийимларимизни қишнинг ўзидаёқ сотиб олиб қўйганмиз. Яна бир йил омборда сақлолмаймизку. Урфдан қолиши ва ҳатто сифати ҳам бузилиши мумкин. Вилоятлардан ҳам кўплаб буюртмалар келяпти. Ҳафтада икки кун ҳудудларга ҳам товар чиқаряпмиз. Нима қилайлик, ҳаёт давом этади. Шундоғам, баҳорги товарларимизнинг барчаси омборда турибди. Ҳаммага саломатлик керак, аммо тирикчилик, деган гаплар ҳам бор. Кўчада сотганимиз учун таг-жой пули, «патент» деган нарсалар тўламаймиз, савдо кўнгилдагидек бўлиб турибди. Аммо бу сарсонгарчиликдан кўра бозорларимизни очиб, тиббий назорат кучайтирилса, маъқул эди.

Тўғри, бугун савдогар сотаман, харидор оламан, дейди. Аммо очиқ осмон ва муҳофазасиз ҳудуддан касаллик тарқамаслиги ва инсонлар учун ҳафв туғдирмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Яқинда бир танишим телефони бузилиб қолгани ва яхшироқ телефон олиши кераклигини айтиб қолди. Иккилана-иккилана «Малика» савдо марказига бордик. Не кўз билан кўрайлик, бозор ёпиқ бўлгани билан ташқарида телефон сотувчиларни ҳам, олиб-сотарларни ҳам учратасиз...
Одамлар ва савдогарларни сарсон қилиб, уларнинг саломатлигини хавфга қўйгандан кўра, бозорларни очиб, кириш йўллари кучли назорат қилинса, яхши бўлармиди? Шундоғам кўчаларда савдо бўлаётган экан, унда мажмуаларнинг ёпилишидан нима фойда? Кўчада ким кетиб, ким келганини билиб бўлмайди. Аммо кириш ва чиқиш жойлари аниқ бўлган бозорларда ҳар ҳолда харидорларнинг қай ҳолатда келиб, қай ҳолатда кетаётганини назорат қилиш имконияти кўпроқдир. Мутасаддилар бу ҳақда нима деркин?