Лойиҳалар эзгуликка хизмат қилмоқда
Ўз фаолиятини бошлаганига кўп бўлмаган Навоий вилояти “Саодат сари” ижтимоий кўмак маркази нодавлат нотижорат ташкилоти бугунги кунда ёшларга, хотин-қизларга чинакам кўмакчи бўлмоқда.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда кўмаклашиш, бунда “Инсон қадри учун” деган бош ғояни илгари сурган ҳолда ёшлар, хотин-қизлар, нуронийлар, ногиронлиги бор ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оила вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ва тадбиркорлик соҳаларидаги билим ва кўникмаларини оширишни ўз олдига мақсад қилган ушбу ташкилот бугунги кунда бир қатор ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда ташаббускор бўлмоқда.
Марказинг “Миллий кутубхона – миллий қадриятлар маскани” номли лойиҳаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган бўлиб, ушбу лойиҳа айнан хотин-қизларни қўллаб қувватлаш, айниқса, уйда ўтирган уй бекалари ва ўқувчи ёшларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, аёлларни илм-маърифатли, китобхон қилиш мақсадини кўзлаб ташкил этилган.

– Лойиҳа доирасида Навоий шаҳридаги Маърифат маҳалласида кенг, замонавий, шинам кутубхона ишга тушурилди, – дейди марказ раҳбари Шалола Шокирова. – Кутубхона 530 та бадиий, илмий, оммабоп ва психологик адабиёт билан бойитилди. Шунингдек, кутубхона 350 та электрон китоб, 180 та аудио китоб жамланмасига эга. Кутубхонадан шаҳардаги “Маърифат”, “Тараққиёт”, “Зиёкор”, “Мурувват”, “Баҳор”, “Умид”, ва “Орзу” маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчилар ва ёшлар фойдаланишади. Кутубхона Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети ҳамда Навоий давлат педагогика институтига яқин масофада жойлашган бўлиб, ушбу олий таълим муассасаларининг талабалари ҳам кутубхонадан кенг фойланмоқда. Бугунги кунда кутубхона доимий фойдаланувчиларининг аксарият қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Бу қувонарли ҳол, албатта.
– Кутубхонада ташкил этилган китобларнинг электрон стиллажининг бошқа электрон кутубхоналарда ташкил этилган электрон китоб бурчакларидан фарқи шундаки, ҳар 6 ойда электрон китоблар алмаштириб турилади, – дейди фойдаланувчилардан бири Зуҳра Каримова. – Яна бир фарқ шундаки, кутубхонага энг сўнгги асарлар келтирилиши билан биргаликда, кутубхонадаги болалар адабиётига бағишланган китоблар 3 тилда ёзилган. Тил ўрганаётган, таржима билан шуғулланувчи ёшлар учун бу бир қатор қулайликларни тақдим этади.

2023 йилда “Саодат сари” ижтимоий кўмак марказининг яна бир “Ҳунарли фарзанд – жамият ютуғи” номли лойиҳаси Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилди.
Лойиҳанинг мақсади гендер тенгликни таъминлаш, қизларнинг битта ҳунар эгаси бўлишига кўмаклашишдир.
Лойиҳа доирасида Кармана туманидаги 2-сонли умумтаълим мактабида касб-ҳунар хонаси барпо этилди. Касб-ҳунарга йўналтириш хонаси 5 та “MAUSER” русумли тикиш машинаси, 1 та “DOLLOR” русумли 4 ипли оверлок машинаси, дазмол ва дазмол столи, бичиш столи билан жиҳозланди.

Бугунги кунда бу ерда 500 га яқин ўқувчи қиз, шунингдек, 10 га яқин ўқитувчи оилавий даромадларини ошириш мақсадида дарсдан ташқари ҳунар ҳам ўрганмоқда.
Лойиҳа режасига мувофиқ, ўқувчи қизлар билан касб-ҳунарга йўналтириш хонасида соҳа мутахассислари, тадбиркорлар, ишлаб чиқариш ва экспорт билан шуғулланувчи тадбиркор раҳбарларнинг учрашувлари, маҳорат дарслари ўтказиб келинмоқда.

Ҳозир марказ мактаб маъмурияти ҳамда ота-оналар томонидан йигитлар учун ҳам устачилик, дурадгорлик, чилангарлик, сартарошлик ва бошқа ҳунарларни ўргатишга мослаштирилган касб-ҳунарга йўналтириш хонаси ташкил этилиши юзасидан қилинган мурожаат юзасидан лойиҳа тайёрламоқда.
Ушбу марказ вилоятдаги 50 га яқин ННТ ва давлат ташкилоти билан яқиндан алоқа ўрнатган бўлиб, ҳозир аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, китобхонликни ривожлантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва хотин-қизларнинг сиёсий билимларини ошириш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири