Нукусда “Қорақалпоғистон Республикасининг кам ривожланган ҳудудларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш барқарор тизимини ривожлантириш” лойиҳаси ижросига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий Инновацион ривожланиш бошқармаси, Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (ICBA), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация маркази, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Қорақалпоғистон деҳқончилик илмий тадқиқот институти вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа Қорақалпоғистон Республикасида ерлардан янада самарали фойдаланишни рағбатлантириш, шикастланган тупроқ ва ташландиқ ерларни қайта ишлаш, чорвачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, ноқулай муҳитга чидамли озиқ-овқат ва ем-хашак экинларини жорий этиш, агробиологик хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш ҳамда шўрланган майдонларда биодеҳқончилик механизмларини яратиш, соҳага инновацион технологияларни кенг жалб қилишга қаратилган. Абу Даби ривожланиш жамғармаси томонидан молиялаштирилаётган умумий қиймати 5,1 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳани амалга ошириш натижасида шароити оғир бўлган маҳалла ва қишлоқларда аҳолининг турмуш шароити, маҳаллий ҳудудларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолати яхшиланиши кутилмоқда.
Учрашувда бажарилиши 4 йилга мўлжалланган ушбу лойиҳанинг биринчи йилида амалга ошириладиган ишлар тўрғрисида ахборот берилди. Маҳаллий олимлар ва соҳа мутахассислари томонидан билдирилган таклифлар инобатга олинди. Қайд этиш жоизки, Абу Даби ривожланиш жамғармаси томонидан мазкур лойиҳага 5,1 миллион АҚШ доллари грант маблағини ажратиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан 2022 йилнинг 20 апрель куни ўзаро англашув меморандуми имзоланиб, 2022 йилнинг 26 сентябрь куни старт берилган эди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
ЎзА мухбири