Лойиҳа ижроси партия назоратида
Ўзбекистон Экологик партияси Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман партия ташкилотлари томонидан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган дарахтлар ҳолатини ўрганиш мақсадида жамоатчилик мониторинги ўтказилмоқда.
Шуманай тумани партия ташкилоти Кенгаши раиси А.Амедова раҳбарлигида "Баркамол авлод" болалар мактаби ҳудудида ўтказилган мониторинг давомида жорий йилнинг баҳор мавсумида лойиҳа асосида 300 туп мевали ва манзарали дарахт экилгани маълум бўлди. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, дарахтлар мунтазам суғорилиб, ўз вақтида агротехник парвариш ишлари олиб борилмоқда. Айни пайтда кўчатларнинг аксарияти яхши ўсиб ривожланмоқда.

Қонликўл тумани партия ташкилоти Кенгаши томонидан "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 21-сонли умумтаълим мактаби ва 1-сонли мактабгача таълим муассасасида экилган кўчатлар ҳолати юзасидан жамоатчилик мониторинги ўтказилди. Умумтаълим мактабида ўтказилган ўрганиш давомида 170 дона кўчат экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 220 дона экилгани аниқланди. Каталпа, ясен, япон софораси ҳамда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари яхши парвариш қилинган. Сув таъминоти ариқ тизими орқали амалга оширилмоқда. Мониторинг натижаларига кўра, кўчатларнинг 90 фоизи ривожланмоқда.
Мактабгача таълим муассасасида ўтказилган мониторинг жараёнида 80 дона кўчат экиш режалаштирилгани, амалда эса 130 дона экилгани маълум бўлди. Ҳозир кўчатлар яхши парвариш қилиниб, ариқ орқали мунтазам суғорилмоқда. Ўрганишга кўра, кўчатларнинг 80 фоизи униб чиққан. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида экологик маданиятни шакллантириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш борасида амалий ишлар яхши йўлга қўйилган.
Мониторинг тадбирлари ҳудудларда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси ижроси, экилган дарахтларнинг яшовчанлиги ва сифатини оширишга хизмат қилиш билан бирга, жамоатчиликни экологик ташаббусларга жалб этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири