“Лос-Анжелесда, албатта, чемпион бўламан”
Франциянинг Париж шаҳрида ўтказилган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз спортчилари матонат кўрсатиб, юксак натижага эришдилар. Вакилларимиз 10 та олтин, 9 та кумуш, 7 та бронза – жами 26 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида дунёда 13-ўринни, Осиё қитъасида 3-ўринни эгаллади. Бу билан улар Паралимпия ўйинларида мамлакатимиз жамоасининг энг яхши натижасини қайд этишди.
Бу муваффақиятга самарқандлик Кубаро Ҳакимова ҳам муносиб ҳисса қўшди. У пара енгил атлетика бўйича аёллар ўртасида F41 классида ядро улоқтириш баҳсларида кумуш медални қўлга киритди.

Кубаро 2002 йил Самарқанд шаҳрида туғилган. 2018 йилдан буён пара енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. “Ханчжоу-2022” Пара Осиё ўйинларида олтин ҳамда 2023 йил Парижда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кумуш медалга сазовор бўлган.
Париждан ёруғ юз билан қайтган вакилларимиз қаторида Кубаро Ҳакимова ҳам 100 минг АҚШ доллари, “BYD Song Plus EV Champion” автомобили ва квартира билан мукофотланди.

Албатта, пойтахтдан Президент совға қилган автомобилда Самарқандга келган Кубаро тантанали кутиб олинди. Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан спортчига ва унинг ота-онаси, устозларига ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалари топширилди.
– Ёшлигимдан спортга қизиқаман, – дейди Кубаро Ҳакимова. – Бундан олдин беш йил дзюдо билан шуғулланганман. Кейинчалик енгил атлетикага қизиқишим ошди ва мамлакат чемпионатларида, нуфузли мусобақаларда фахрли ўринларни эгаллаб, терма жамоага қабул қилиндим. Ўтган йил Парижда ўтказилган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритганимда, Паралимпия ўйинларида олтин медаль олишни ният қилгандим. Лекин Париждаги мусобақалар осон бўлмади, чунки рақибларим орасида Осиё, жаҳон чемпионати ва олимпиада иштирокчилари бор эди. Шунга қарамай, кумуш медалга сазовор бўлдим. Бу – фаолиятимдаги энг катта ютуқларимдан бири. Бунинг учун мени қўллаб-қувватлаб турган ота-онамга, халқимизга, Президентимизга раҳмат!

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 сентябрда қабул қилинган фармонига кўра, Париж шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Паралимпия ўйинларида юксак натижаларга эришган бир гуруҳ спортчи ва мураббийлар қаторида Кубаро Ҳакимова “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланди. 13 сентябрь куни эса ушбу давлат мукофотлари Президентимиз томонидан тантанали топширилди.
– Давлатимиз раҳбарининг қўлларидан бу мукофотни олишнинг ўзи биз учун жуда катта шараф ва унутилмас воқеа бўлди, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, паралимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби Кубаро Ҳакимова. – У киши бизни табриклаб, бу натижага эришиш йўлидаги меҳнатларимиз, чеккан заҳматларимизни алоҳида тилга олдилар, ҳаётда кўп нарсани ҳал қиладиган омил – юксак ирода ва матонат эканлигини таъкидладилар. Шу билан бирга бу йўлда доим бизга далда бўлиб, қўллаб-қувватлаган ота-оналаримиз ва устозларимизни ҳам эътироф этдилар. Бу самимий тилаклар кишига ўзгача қувонч, кайфият бағишлар экан. Жуда хурсанд бўлдик. Президентимиз юксак унвонни кўксимга тақиб қўяр эканлар, мен Лос-Анжелесдаги Паралимпия ўйинларида, Осиё ва жаҳон чемпионатларида олтин медални қўлга киритиб, юртимиз байроғини баланд кўтаришга ваъда бердим. Насиб этса, албатта, бу ваъдамни бажараман.


Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири