Лолахон Муродова деҳқончилик илмининг академиги
Ҳаёти, умрининг мазмунини деҳқончилик ривожи ва равнақида кўрадиган Ўзбекистон Қаҳрамони, Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги раҳбари Лолахон Муротова мамлакатимиздаги машҳур фермерлардан бири.
Опа ҳаёт дорилфунунини адо этди. Тракторчи, оддий ишчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, хўжалик раиси бўлди.
Марказий Фарғонанинг чўл-дашт ерларида пахта, бошоқли дон етиштиришда катта муваффақиятларга эришиб, фермерлик соҳасида ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби яратди. Фермер хўжалиги дастлаб ташкил этилган йилларида ерларнинг ҳар гектари аранг 15-20 центнердан ҳосил берарди. Тажрибали деҳқон аёлнинг саъй-ҳаракатлари, маҳорати, деҳқончилик илмидаги изланишлари ҳар йили ўз самарасини бера бошлади. Кейинчалик ҳосилдорлик 35-40 центнергача, сўнгги 4 йилда эса 55-60 центнергача кўтарилди.

Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сектор раҳбарлари билан биргаликда Ўзбекистон Қаҳрамонининг дала шийпонида бўлиб, опани байрам билан табриклади. Самимий суҳбат чоғида деҳқончилик илмида катта мактаб яратган фермернинг меҳнати эътироф этилди.
Лола Муротованинг мўжазгина дала шийпони доимо меҳмонлар билан гавжум. Бу ерда "Ёш фермер қизлар мактаби" ташкил этилган бўлиб, қизлар фермерликнинг сир-асрорларини ўрганмоқда.
Қаҳрамон опани йўқлаган вилоят раҳбари ва жамоатчилик вакиллари дала шийпонида мевали кўчатлар экишди.
М. Сулаймонов, ЎзА