Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳри бир неча кундирки байрам оғушида. 2023 йил 6 май. Соат 20:00. Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон номидаги амфитеатрида lll Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг очилиш маросимига бағишланган "Эрким, бахтим, мовий осмоним! рукнида театрлаштирилган концерт дастури бошланди. Майдонга фестивалда иштирок этаётган 30 та хорижий мамлакатларнинг байроқлари олиб чиқилди.
III Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг иштирокчиларига йўллаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг байрам табригини Президент маслаҳатчиси Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди. Байрам дастурини Ўзбекистон давлат филармониясининг Жиззах вилояти бўлими "Сабо" ансамблининг созандалари "Ибтидо" театрлаштирилган мусиқий композицияси билан бошлаб берди. "Лазги", "Шодлик" ашула ва рақс ансамбллари, Қорақалпоғистон давлат академик мусиқали театрининг балет артистлари," Бухоро мавжлари" рақс ансамбли, "Бойсун" фольклор-этнографик халқ ансамбли, Юнус Ражабий номидаги "Мақом" ансамблларининг чиқишлари байрам дастурига ўзгача шукуҳ бағишлади.


Ўзбекистон халқ артисти Гулора Раҳимова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Ойгул Халилова, Мавлуда Маматиллаохунова, Илёс Арабов, "Ниҳол" мукофоти совриндорлари Қаҳрамон Рашидов, Саламат Аяпов, Отабек Рўзметов,Дилноза Артиқова, бахшилар Бойқўчқор Аҳмедов, Дилмурод Гулмуродов, Равшан Маматмуротов, Оғабек Улашов, Суннатилло Эшманов, Элдор Шомуродов, Фаррух Нуралиевларнинг чиқишлари тадбир иштирокчиларига кўтаринки завқ бағишлаб уларни рақсларга чорлади.


Тадбир сўнгидаги мушакбозликни бутун Гулистон аҳли ҳаяжон билан томоша қилди. 1500 нафар санъат аҳли иштирок этган байрам тадбири барчада катта таассурот қолдирди.
Ш.Суяров,Ш. Ортиқбоев,(суратлар) ЎзА