Кўплаб муносабатлар эълон қилинди.

Самарқанд давлат университети ректори, техника фанлари доктори, профессор Рустам Холмуродовнинг Самарқанд мадрасайи олиялари ҳақидаги Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида эълон қилинган мақоласи илмий жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинди. Кўплаб муносабатлар эълон қилинди. Бу чиқиш бир талай масалаларга аниқлик киритиш учун туртки вазифасини ўтади. 

Шу нарса аниқки, бир мамлакатда олий таълим тизими юзага келиши учун катта илмий асос, яъни фундамент бўлиши керак. Шу маънода табиий бир савол туғилади: нега ислом Арабистон ярим оролида нозил бўлгани билан дастлабки исломий мадрасалар, жумладан, мадрасайи олиялар айнан Мовароуннаҳрда юзага келди?

Бу саволга жавоб эса ‒ тайин: ўлкамизда араблар босқинига қадар ҳам катта тамаддунлар, яъни цивилизациялар юз берган эди. Археологик тадқиқотлар шуни исботлаганки, Искандар Мақдуний юришидан кейин бу ерда Шарқ ва Ғарб маданиятлари синтези ҳам юз берди. Юнон-бақтрия маданияти шу асосда шаклланди. Ўша даврда ясалган буюмлар, яратилган санъат асарларида ана уйғунликнинг ёрқин намуналарини кўрамиз.

Тарихдан маълумки, муайян миллат ва халқнинг маданий ва маънавий савиясининг асосий кўрсатгичларидан бири мамлакатдаги маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия жараёни ҳамда унинг даражаси билан белгиланади. Марказий Осиё, хусусан, бугунги Ўзбекистон ҳудуди ҳам тарихда бу соҳада дунёда етакчи ўринларда турган.

Минтақамиз халқлари тарихига оид зардуштийликнинг муқаддас китоби ҳисобланган «Авесто»да ҳам маънавий муҳит, илм-фан ва таълим-тарбия хусусида муайян фикрлар илгари сурилган. Китобда келтирилган маълумотлар шуни кўрсатадики, зардуштийлик яккахудолик дини сифатида Марказий Осиёдан Ҳиндистон, Жануби-Ғарбий Осиё, Эрон, Озарбайжон ҳудудларига, улар орқали эса Юнонистон, Кичик Осиё ва Ионияга кенг тарқалган ҳамда таъсир этган. Соҳа мутахассислари: «Таъсир фақат бир томонлама, зардуштийлик томонидан бўлган», ‒ дея эътироф этишади.

«Авесто»нинг маънавият, илмий ғоя билан боғлиқ жиҳатлари шундаки, унда умуминсоний аҳамиятга эга бўлган эзгулик, унинг қарор топиши учун қараш ғоясининг илгари сурилганлиги эди. Зардушт таълимотида, олам тартиби ва ижтимоий барқарорлик, тинчлик, халқлар ўртасидаги ҳамкорлик кишиларнинг онгли равишда эзгулик томонида туриб фаол курашишга боғлиқ, деган мустаҳкам ғоя илгари сурилган. Мазкур ғоя бугунги миллий маънавиятимиз тамал тошларидан ҳисобланиб, у умуминсоний идеалларни ўз ичига мужассамлаштирган эди. Эроншунослар (С.Н.Цоколов, Л.А.Лелеков) «Авесто» китобини махсус «Авесто тили»да (ўрта форсийга яқин) оромий ёзув асосидаги паҳлавий ёзувда битилганини келтиришади.

Оромий ёзув асосида шаклланган бир неча ёзувлар кейинги даврлар инсоният илм-маърифатининг юксалишида муҳим омил бўлди. Милоддан аввалги I мингйилликнинг ўрталарида Аҳамонийлар салтанатида давлат бошқарув ишлари оромий ёзувда олиб борилган. Аҳмонийлар салтанати таркибида бўлган сатрапликларда ҳам ўз ёзувларини вужудга келтириш билан боғлиқ эҳтиёж оромий ёзув асосида қондирилган. Масалан, милоддан аввалги IV – III асрларга келиб эса Самарқандда оромий ёзув асосида суғдий ёзув шаклланган.

Самарқанд Суғдининг ўзида уч хил ёзув амал қилган (М. Исъҳоқов). Улардан биринчиси Самарқандда ва Суғднинг марказий ҳудудларида шакллангани учун «Самарқанд суғдий ёзуви» ёки «миллий суғдий ёзув» номи билан юритилган. Иккинчиси, асосан, ўлкадаги насроний диний жамоаларида қўлланган ва оромий алифбо асосида пайдо бўлган сурёний ёзув эди. Учинчи ёзув милоднинг III асрида яшаган Моний томонидан жорий этилиб, унинг номи билан «Моний ёзуви» деб юритилган. Шунга кўра, суғдий тилдаги манбалар уч хил ёзув орқали бизгача етиб келган. Cуғдий ёзув сурёний ёзувга яқин ҳолатда ўнгдан чапга қараб ёзилади. Уларнинг ўхшашлиги иккала ёзув ҳам оромий ёзув асосида шаклланганлигидан келиб чиқади.

Араб халифалиги босқинига қадар оромий ёзув асосида шаклланган суғдий, паҳлавий, хоразмий, сурёний, бохтарий, уйғур, хўтаний каби ёзувларнинг мавжуд эканлиги, «Авесто», «Бундаҳишн» (паҳлавийча дунёнинг яратилиш асосларига бағишланган), «Қилмишларимизнинг сабаблари ва оқибатлари» (суғдий-буддавий ахлоқий достон), «Маст қилувчи ичимликлар сутраси» (милодий 728 йилга оид ахлоқий асар), «Судашан ҳақидаги достон» (Буддани туғилиши ҳақидаги достон), Муғ тоғи суғдий ҳужжатларининг типологик тузилиши ҳамда уларда номлари зикр этилган хаттотлар, Тур¬фондан топилган ўнлаб астрономия, тиббиёт, динга оид суғдий-буддавий, суғдий-моний, суғдий-насроний парчалардан намуналар айни даврда минтақамизда илму урфоннинг ниҳоятда равнақ топганининг исботи эди.

Араб тили ва шу тил асосида ёзув эса халифалик истилоси даври билан боғлиқ бўлиб, кейин араб тили ва ёзуви дунё аҳамияти даражасида ривожланган. Араб тили билан бир қаторда, Марказий Осиё, жумладан, Самарқанд минтақасида ҳам форсий тил ва ёзув кучайди. Шунингдек, айни даврда туркий тил тараққиётини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим. Арабий, туркий ва форсий тил кейинги давр Марказий Осиё маданиятининг асосини шакллантиришда хизмат қилган. 

Айниқса, ривожланган ўрта асрларда туркий тил тараққиётини алоҳида таъкидлаш лозим. Туркий тилда битилган «Девони луғат ит-турк», «Қутадғу билиг» асарлари ўз даврининг шоҳ асарлари ҳисобланади. Ушбу тилнинг кейинги тараққиёти темурийлар даврида юз берди ва бу даврда яратилган асарлар кейинги давр илмий-маърифий тараққиёт учун асос бўлиб хизмат қилди. Туркий тил турли минтақа олимларини ягона марказларга бирлаштирди.

Шундай илмий марказлардан бири Самарқандда барпо этилган Мирзо Улуғбек мадрасаси бўлиб, у ўз даврининг йирик университети ҳисобланган. Бу илмий мактабда 200 дан ортиқ олим фаолият олиб борган. Улар орасида энг йириклари Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид Коший эди. Ушбу илмий мактаб ўз фаолиятида дунё илм-фанида чуқур из қолдирган ўртаосиёлик машҳур қомусий алломалар Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абул Аббос ал-Жавҳарий, Ибн Турк ал-Хутталий, Холид ал-Марваррудий, Аҳмад ал-Марвазий, Абу Наср Форобий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Синолар бошлаб берган илмий анъанани давом эттиришга хизмат қилди. Мирзо Улуғбек мадрасасининг вужудга келишини минтақада қадимдан давом этиб келаётган илмий анъаналарнинг табиий давоми сифатида талқин қилиш тарихий ҳақиқатга яқин ҳисобланади.

Ушбу олий таълим даргоҳи қошида 1428 йилда Улуғбек фармойиши билан цилиндр шаклида расадхона ҳам бунёд этилган бўлиб, мазкур илмий муассаса математик билимлар тараққиёти ҳамда ўрта асрлар астрономия илмининг ривожига улкан ҳисса қўшди. Европада астраномик илмлар эндигина куртак отаётган бир пайтда аниқ математик билимлар асосида «Зижи Кўрагоний» асарининг яратилиши ва унинг дунё илм-фанига таъсир этганлигини алоҳида эътироф этиш лозим. 

Расадхонанинг қурилиши ва кейинги илмий фаолияти Мирзо Улуғбек таклифи билан йиғилган қатор машҳур олимлар Ғиёсиддин Коший, Қозизода Румий, Али Кушчиларнинг номлари билан боғлиқ эди. Мирзо Улуғбекнинг ўлимидан сўнг тарқалиб кетган ушбу илмий жамоа жаҳоннинг турли минтақаларида илму-фаннинг ривожига таъсир кўрсатишган. Масалан, Али Қушчи Истанбул университетининг асосчиларидан бўлгани манбаларда зикр этилади.

Жаҳонда университетлар турлича омиллар асосида шаклланган. Баъзи олий таълим даргоҳлари сиёсий таъсирлар ва шахсий ташаббус асосида вужудга келган бўлса, айримлари иқтисодий тараққиёт, шаҳарлашиш ҳамда илм-фан ҳомийлари раҳнамолигида вужудга келган. Университетларнинг ташкил топиш тарихига назар ташлайдиган бўлсак, унинг турлича эканини кузатамиз.

Илмий адабиётларда дунёда илк вужудга келган университет 855 йилда Константинополда, олдиндан мавжуд бўлган ўрта аср мактаблари базасида, Византия давлат арбоби Варда ва Лев Математик (файласуф олим) томонидан асос солинган Магнавр (Константинополдаги сарой номи) университети экани келтирилади. Константинополнинг қулашига қадар (1453) ушбу олий даргоҳда ҳуқуқ, тиббиёт, грамматика, риторика, фалсафа, дипломатия, арифметика, геометрия, мусиқа ва астрономиядан талабаларга сабоқ берилган. Университет палеологлар (Михаил VIII Паеолог шарафига номланган) даврида (1261 – 1453) черков қошида қайта ташкил этилган.

Европада эса биринчи университет сифатида тан олинган олий таълим муассасаси Италиянинг Болонья университети ҳисобланиб, адабиётларда у 1088 йилда ташкил топгани келтирилади. Унинг асосчиси ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Ирнерий бўлиб, у Рим ҳуқуқи бўйича дарс берган. 1158 йилга келиб Герман императори Фридрих I Барбаросса университет профессорларига кенг ваколат ва имкониятлар бериши натижасида бу таълим даргоҳи яна бир бор машҳур бўлди. Аммо бу вақтда университетнинг алоҳида биноси бўлмагани учун дарслар очиқ майдонда ўтилган ва талабалар сони ва таркиби ҳам қатъий бўлмаган. 

Университетда маъруза, асосан, савдо-сотиқ олиб бориш тартиб-қоидалари ва қонунлари хусусида бўлган. Шунинг учун унинг асосий тингловчилари савдогарлар бўлишган. Университетда ҳали ўқитиш тизими ва у билан боғлиқ масалалар тўлиқ йўлга қўйилмаган бўлиб, таълим маълум тоифа манфаатларига йўналтирилган. Болонья университети савдо-сотиқ билан боғлиқ жамоа манфаатлари йўлида шаклланган эди.

Европанинг яна бир йирик олий таълим даргоҳи Париж (Франция) университети ҳисобланиб, унинг ташкил топишида, бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли равишда, талабалар эмас, ўқитувчилар жамоага бирлашган. Янги университет 1150 йилда ташкил этилиб, дастлаб жуда тез ривожланган ва бир неча факультетларни бирлаштирган. Францияда руҳонийлар ва черков ўртасида олиб борилган низолар университет фаолиятига салбий таъсир кўрсатган. 1209, 1212, 1231 йилларда университетнинг автоном ҳуқуқи папа булласи билан чекланганини бунга мисол қилиш мумкин. Черковнинг университет фаолиятини чеклаши ва унга ёрлиқ бериши бевосита таълим муассасасининг черков таъсирида бўлганидан далолат берарди.

Диний ҳокимиятнинг таълим тизимига таъсири Шарқда ҳам сезиларли бўлган. Масалан, 970 йилда дастлаб жоме масжиди қошидаги мадраса сифатида фотимийлар(909 – 1171)дан бўлган халифа ал-Муиз (953 – 975) даврида фаолият кўрсата бошлаган Ал-Азҳар университетида ҳам шиа мазҳаби асослари ўргатилган. Ал-Азҳар Қоҳира шаҳри билан баробар қурилган. Фақатгина XI асрдан бошлаб унинг таркибидаги мадраса (996) Қуръон, ҳадис, фиқҳ, тил ҳамда балоғат фанлари ўқитиладиган университетга айланган. XIV ‒ XV асрларда университет яна бир неча янги қурилган мадрасалар қўшилиши ҳисобига кенгайган ва унда турли фанлар ўқитила бошланган. 

Дастлабки дарслар масжид ҳовлисида олиб борилган. Талабалар сони кўпайгач, махсус бинолар қурилиб, фаол талабаларга мояналар тайинланган. Мисрда Фотимийлар ҳукмронлигидан сўнг (1171), шиа ва суннийлар ўртасидаги ўзаро ички курашлар натижасида Ал-Азҳарнинг мавқеи пасайиб, ҳатто, у талон-тарож қилинган (университет кутубхона фондидаги қимматли китоблар сотиб юборилган ва йўқ қилинган). 1517 йилда Мисрнинг Усмонийлар давлати таркибига қўшиб олиниши натижасида Ал-Азҳар талабаларининг этник таркиби хилма-хиллашган. 

Бу даврда давлат томонидан Ал-Азҳар учун маблағ ажратилмаган бўлсада, олий даргоҳ мусулмон таълими ва ҳуқуқини тарғиб қилиш маркази бўлиб қолаверган. Бугунги кунда Миср давлатининг «Бренд»ига айланган Ал-Азҳар университети фаолиятини ўрганиш натижасида маълум бўладики, турли сиёсий ва диний можаролар гирдобидаги ушбу олий даргоҳни ташкил этишдан мақсад шиа мазҳаби асосларини тарғиб этиш эди. Фотимий шиалардан кейин эса дунёвий фанларни ўқитиш натижасида Ал-Азҳар ҳақиқий университет мақомига эга бўлди.

Бугунги кунда жаҳоннинг йирик олий таълим муассасаси ҳисобланган Оксфорд (Англия) университетининг ташкил топган санаси манбаларда турлича келтирилади. Университетга Париж университетидан норози бўлган инглиз талабалари 1096 (баъзи адабиётларда 1118 йил деб келтирилади) асос солишган. Ўз навбатида Оксфорд университети талабалари 1209 йили шаҳар аҳолиси билан келиша олмаганлиги сабабли шаҳарни ташлаб чиқиб кетишади ва Кембрижда янги университет ташкил этишади.

 Шу даврдан бошлаб Оксфордда университет фаолият кўрсатмаган ва фақатгина 1214 йилдан бошлаб ўқитувчиларнинг бир қисми шаҳарга қайтгандан кейин яна талабалар қабул қилина бошлаган. Кўриниб турибдики, мазкур университетга талабалар томонидан асос солинган, ўқитиш тизими ҳам жуда содда бўлган. Шунингдек, Кембриж (Англия) университетига ҳам 1209 йилда асос солинган ва улар Оксфордда шаҳарликлар ва черков ходимлари билан келиша олмасдан ўзлари янги университет ташкил этишганини келтириш лозим.

Европада Реформация (XVI асрдан Ғарбий ва Марказий Европадаги ижтимоий ҳаракат) йилларида Кембриж ва Оксфорд университетлари инглиз черкови томонидан назорат остига олиниб, қирол Генрих VIII 1536 йилда университетда схоластика факультети фаолиятини тақиқлаб қўяди ва университет фаолияти тўхтайди. Схоластика ўрта аср черков¬нинг диний ақидаларини назарий асослашга қаратилган қуруқ сафсатадан иборат ўрта асрлар фалсафасини илгари сурарди. 

Бу эса ўз навбатида диний ҳокимиятнинг дунёвий ҳокимият устидан назорат қилишини назарий асослашга қаратилгани билан аҳамиятли эди. Қарийб ўн йиллик низолар натижасида 1546 йилга келиб, Кембриж университетида Тринити коллежи ташкил этилиб, у ерда қадимги юнон тили, физика ва фуқаро ҳуқуқи ўқитила бошлаган. Маълум бўладики, Кембриж университети, асосан, диний билимлар ва черков фалсафасини тарғиб қилувчи муассаса сифатида вужудга келган бўлиб, кейинчалик дунёвий ҳокимият қаршилигига учраган. Ўрта асрлар университетлари диний ва дунёвий ҳокимият ўртасидаги курашларда азият чекишган. 

Баъзи университетлар дунёвий ҳокимият томонидан таъсис этилган бўлсада, диний ҳокимиятнинг розилигисиз қонуний фаолият олиб бора олмаган. Бунга Саламанки (Испания) университетини мисол қилиш мумкин. Саламанка (Испания) университети 1218 йили ташкил топган бўлиб, 1254 йилда қирол Алфонс X нинг махсус ёрлиғи (“Studium General”) берилгачгина, унинг фаолияти қонуний тус олган. Фақатгина орадан бир йил ўтгач (1255), университет Рим папаси Александр IV томонидан тан олинган. Айни даврдан бошлаб университет ўз муҳрига эга бўлган ва ўқитувчиларга Муқаддас Бенито черковида дарс беришга рухсат берилган (Саламанки университети икки юз йилдан сўнг, ўз мустақил биносига эга бўлган).

Яна бир мисол. Ягеллон (ёки Краков) университети 1364 йил 12 майида Полша ҳукмдори Казимир III ёрлиғига асосан таъсис этилган бўлишига қарамай, илоҳиёт факультетини очиш учун папа томонидан рухсат берил¬маган эди. 1400 йил 26 июлида қиролича Ядвига ташрифи муносабати билан Полша қироли Владислав Ягелло (Ягайло) университетни қайта ташкил этган. Шунинг учун ҳам университет «Ягеллон университети» деб номланган. Ҳали Кёнигсберг (1544) ва Вилен (1579) университетларига асос солинмаган бир пайтда Ягеллон университетининг ташкил этилиши нафақат Полша, балки Буюк Литва князлиги учун ҳам муҳим аҳамият касб этган.

Баъзи университетлар шахсий маблағлар эвазига шакллантирилганини ҳам кўриш мумкин. Масалан, Швециядаги Уппсал университетини мисол қилиб олайлик. Мазкур олий таълим муассасаси ҳам 1477 йили вужудга келган бўлсада, унинг университет даражасига кўтарилиши қирол Гюстав II Адолф(1611 – 1632)нинг бор бойлиги сарфланиши эвазига амалга ошган. Шунингдек, қирол Гюстав II Адолф томонидан 1632 йили Ливония(ҳозирги Латвия ва Эстония ҳудудлари)да Тарту университетига ҳам асос солинган. 

Кейинчалик 1802 йили Тарту университети «Дерпт университети» номи билан қайта очилган. 1893 – 1919 йилларда «Юрев университети» деб номланган. 1919 йилдан университетнинг бир қисми Воронежга кўчирилиб, у ерда Воронеж университети ташкил топган. Университетнинг қолган қисми ҳозирги номда ўз фаолиятини бугунги кунга қадар давом эттириб келмоқда.

XIII асрдан бошлаб Чехияда ҳам университет вужудга келишига шароит етилган. Жумладан, бу даврга келиб католик черковига қарашли бир қатор августин ва доминикан жамоалари ўзларининг мустақил таълим даргоҳларини тузишга улгуришган эди. Бу даврга келиб черковлар қошида ўнлаб диний таълим муассасалари бўлган. 1344 йили Прага епископлигининг архиепископликка айлантирилиши бу ерда университет шаклланиши учун муҳим омил бўлди. 

Орадан кўп вақт ўтмай, 1347 йилга келиб, Авинёнда Рим папаси Климент VI томонидан қирол Карл IV га ёрлиқ (булла) берилиши Прага университетининг вужудга келишига ҳуқуқий асос бўлди. 1348 йил 7 апрелида, Карл IV фармонига асосан, университет расман иш бошлаган. Кўриниб турибдики, ҳозирги кунда Европанинг йирик университети ҳисобланган Прага диний ҳокимият таъсири ва розилиги билан тузилган ҳамда унинг вужудга келишида черковлар қошидаги диний мактаблар етакчи мавқе тутган.

Ғарбий Европадан фарқли равишда, Россияда университетнинг вужудга келишида диний омиллар таъсири эмас, балки шахсий ташаббус устунлик қилган. Россияга унча узоқ бўлмаган Прага, Лвов, Краковда университетлар фаолият кўрсатаётган бир пайтда, рус подшолари университет ташкил этиш ҳақида қайғурмаган ҳам эди. Россиядаги дастлабки университет Москвада, академик М. В. Ломоносов(1711 – 1765)нинг ташаббуси ва қиролича Елезаветанинг қўллаб-қувватлаши билангина 1755 йили ташкил топган ҳамда кейинчалик университетга Михаил Ломоносов номи берилган.

Европа (K.S.Taber, Pseudo Boece, Le Goff) ва рус тарихшунослигидаги (Л. Л. Родина, Н. В. Николаева, А. И. Пономарёв) аксарият олимлар томонидан илгари сурилган ҳамда устувор бўлган фикрлардан бири шуки, бу илк университетлар Европа ҳудудларида вужудга келган ва тараққий этган. Лекин тадқиқотларда ўрта асрларда мусулмон шарқида вужудга келган олий таълим муассасалари эслатилмайди. Ваҳолонки, ўрта асрлар даври, айниқса, темурийзода Мирзо Улуғбек Муҳаммад Тарағай (1349 – 1449) даврида илм-фан ва маданият ўрта аср шароитида дунё фанининг энг юқори поғонасига чиққан эди.

Соҳибқирон Амир Темур (1336 – 1405) даврида мамлакат осойишталиги ва тинчлигини таъминлаш илм-фаннинг тараққий этиши, таълим тизими ривожини таъминлаб берган омил ҳисобланиб, ушбу тараққиёт мезонлари Амир Темурнинг неваралари, жумладан, Мирзо Улуғбек даврида ҳам сақлаб қолинди ва изчил давом эттирилди.

Мирзо Улуғбек томонидан 1420 йили асос солинган мадрасаи олия ўз даврининг йирик олий таълим даргоҳи – университет талабларига жавоб берган йирик таълим муассасаси ҳисобланган. Мирзо Улуғбек 1417 йили Бухорода ҳам мадраса қурдирган бўлиб, ушбу таълим даргоҳининг аҳамияти тўғрисида тадқиқотларда кўп маротаба келтирилгани ҳолда, 1420 йил Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасининг тарихий аҳамияти масаласи ва унинг ўрта асрлар Марказий Осиё тарихида муҳим ўрни тутган йирик олий таълим муассасаси – университет бўлгани масаласи юзасидан тарих фанида ҳамон тортишувлар, баҳслар мавжуд. Бухорода Улуғбек мадрасаси, ўз хусусиятига кўра, таълим-тарбия маскани бўлиб, Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасаси ундан фарқли ўлароқ, китобий илмлар асосида аниқ, табиий ва ижтимоий фанларни тадқиқ этишга қаратилгани жиҳатидан университет хусусиятларини ўзида тўлиқ мужассамлаштирар эди.

Хуллас, ўрта асрларда мавжуд бўлган муаммолардан бири бу одамларни маълум бир диний ғоя остида бирлаштириш эди. Бу йўлда, айниқса, Европада турли шерикчилик бирлашмалари, савдогарлар гилдиялари, саноат-тижорат цехлари ва ширкатлар муҳим ўрин тутиб, улар қошида динни тарғиб қилувчилар, диний билимлар берувчилар фаолият юритишган. Ушбу ташкилотларнинг кейинчалик том маънода бирлашуви «университет» деб юритилган. Ушбу ҳолат маълум бир ташкилотларнинг манфаати учун хизмат қилган, албатта. Бу ташкилот католик черкови эди. 

Шунинг учун ҳам ўз манфаатлари учун хизмат қилган диний ташкилотларга университетлар очиш учун католик черкови ёрлиғи бериларди. Бу ёрлиқларда университетларнинг «мухторият ҳуқуқи» ҳам акс этган бўлиб, унга кўра, черков илмий даражалар бериш, суд ва бошқарувни ўз қўлида қолдирар ҳамда хоҳлаган вақтда унинг фаолиятини тугатиши мумкин эди. Лўнда қилиб айтганда, ўрта аср Европа университетлари черков ёки муайян давлат раҳбарининг кўрсатмаси асосида ташкил этилган бўлиб, маълум ижтимоий-сиёсий ва диний омиллар таъсирида шаклланган, уларда, асосан, диний таълим ва черков фалсафаси ўргатилган.

Европадан фарқли ўлароқ, Шарқ, хусусан, Марказий Осиёда, яна ҳам аниқроқ қилиб айтсак, темурийзода Мирзо Улуғбек даврида, темурийлар давлатининг муайян иқтисодий тараққиётга эришиши, шаҳарларнинг кўпайиши, ҳунармандчилик ва савдонинг ривожланиши, маданиятнинг юксалиши, илмий анъаналарнинг давомийлиги Улуғбек мадрасасининг вужудга келишида муҳим омил бўлди. 

Мадраса илмий жамоаси ва айни чоғда ушбу таълим даргоҳи қошидаги расадхонада вужудга келган илмий мактаб вакиллари томонидан аниқ ва табиий фанларга бағишланган қўлланмалар яратилиши, улардан дарс беришда фойдаланиш, мадрасада дарс бериш учун йирик алломаларнинг таклиф этилиши Улуғбек томонидан 1420 йили Самарқандда бунёд этилган мадрасаи олия – университетнинг кейинги даврлар илм-фани, жумладан, Самарқанд давлат университетининг ташкил топиши учун ҳам замин яратганини таъкидлаш зарур.

Бобир ҒОЙИБОВ,
Самарқанд давлат университети 
доценти, тарих фанлари доктори.

Ҳамро ГАДОЕВ,
Самарқанд давлат университети тадқиқотчиси.

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЎЛКАМИЗДА ОЛИЙ ТАЪЛИМ: Тарихий омил ва илмий асослар