Литва ва АҚШда кураш тадбирлари ўтказилди
Хабар берганимиздек, сентябрь ойи давомида Таиланд, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатларда кураш мусобақалари ўтказилиши белгиланган эди.
Ўтган кунлар давомида Таиландда ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати зўр муваффақият билан ташкил этилган бўлса, куни кеча АҚШ ҳамда Литва мамлакатларида миллий спортимиз кураш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирлар ўз ғолибларини аниқлади.
Бу ҳақда Ўзбекистон кураш федерацияси хабар берди. Вильньюс шаҳридаги “Состинес Таурес” спорт мажмуасида ўтган беллашувларда эркаклар мутлақ вазнда, аёллар эса +55 килограмм оғирликда гиламга чиқишди. 15 га яқин давлат полвонлари иштирок этган мусобақаларнинг эркаклар ўртасидаги баҳсларида польшалик Алексей Лсенка бош совринни қўлга киритди. 2 ва 3-ўринлар эса Польша, Литва ҳамда Финляндия вакилларига насиб этди.

Хотин-қизлар ўртасидаги курашларда литвалик Дала Майконете ҳамда Лолита Обалевика барча рақибларини мағлуб этган тарзда олтин-кумуш медаллар соҳибига айланган бўлса, икки украиналик спортчи қизлар кейинги поғоналардан жой олишди.
Америка Қўшма Штатларида ўтган кураш тадбирлари миллий спортимизнинг уммон ортидаги оммавийлигини таъминлашда янги зарварақ очди.
Филадельфиянинг “Вельс фарго” мажмуасида ўтган кураш мусобақаларини томоша қилган мухлислар, унда қатнашган спортчи ва тренерлар ўзбек спорти ўзида бағрикенглик, олийжаноблик хислатларини мужассам этганлигини баҳслар жараёнида эътироф этишди.

20 га яқин давлатнинг номдор полвонлари беллашган мусобақалар якунида грузиялик Геори Катсиашвили ғолибликни тантана қилди.
Ушбу мусобақа доирасида Филадельфиядаги “Сity hall” мажмуасида Ўзбекистон кураш федерацияси ва АҚШ анъанавий спорт ўйинлари ташкилоти ўртасида ўзбек курашини оммалаштиришга доир меморандум имзоланди.
Шунингдек, Нью-Йоркнинг Манхэттен мавзесидаги “Сentral park”да ҳамда Лос-Анджелес шаҳридаги Гриффитс паркида америкалик ҳамда иштирокчи давлатлардан келган кураш мутахассислари учун маҳорат дарслари уюштирилди.
АҚШдаги кураш тадбирлари 16 сентябрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА