Лимонзорлар кўпайиб, деҳқоннинг даромади ошмоқда
Лимон тўрт фасл давомида севиб истеъмол қилинадиган мевалар сирасига киради. Бугун бозорларимизда унинг кўплаб турларини кўриш мумкин. Миришкор халқимиз мазкур цитрус мевани уй шароитида етиштиришнинг ҳам ҳадисини олган.
Аммо бундан ярим аср аввал буни фақат орзу қилиш мумкин эди, холос. Илгари юртимизга лимон чет элдан олиб келинарди, бу шифобахш неъматни сотиб олишга эса ҳамманинг ҳам қурби етавермаган.
Бугунги кунда мамлакатимизда лимон кенг миқёсда етиштирилиб, экспортга ҳам чиқарилмоқда. Лимон инсон саломатлиги учун ғоят фойдали маҳсулотдир. Айниқса, уни ҳар куни истеъмол қилиш яхши самара беради. Лимон ейиш орқали буйрак тошларининг хавфи камаяди. Қолаверса, қон босими нормаллашади.

Шунингдек, иммунитет мустаҳкамланади. “С” витаминига бой, у нафақат қаришни секинлаштиради, балки организмни ҳам мустаҳкамлайди. Лимон кўчатлари Ўзбекистонга илк бор Грузиядан олиб келиниб, 1965-1995 йилларда Тошкент вилоятининг ҳозирги Қибрай туманида умумий майдони салкам 70 гектарлик иссиқхона бунёд этилиб, лимонзорлар яратилади.
Наманган вилоятига биринчилардан бўлиб эса, лимон 1966 йилда Учқўрғон туманидаги собиқ “Охунбобоев колхози” раиси Деҳқонбой Раҳимов томонидан олиб келиниб, мослаштирилган. Раиснинг келини Мақсудахон ая Раҳимованинг айтишича, 1972 йил келин бўлиб келганда илк лимонлар дастлабки ҳосилини берган. Лимончилик анъаналари икки дарё оралиғидаги туманда бугунги кунга келиб, янада сайқаллашиб, кенг оммалашганлигини кўриш мумкин.

Айни пайтда Учқўрғон ҳудудидаги аҳоли томорқаларида 2 минг 646 та хонадонда иссиқхоналар бўлиб, шундан 500 хонадон лимончиликка ихтисослашган. Туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши агрономи Ёдгор Турсуновнинг маълум қилишича, учқўрғонлик Олим Бегмуродовнинг икки сотихли, Неъматулла Алимов, Фарҳод Аманов ва Баҳодир Эгамовнинг 0.08 сотихли томорқаларида лимон етиштирилмоқда ва музлатгичда сақланиб йил давомида бозорларга етказиб берилади. Қолаверса, туманда фаолият юритиб келаётган кўп тармоқли фермер хўжаликларида ҳам 60 гектар ер майдонида иссиқхоналар йўлга қўйилган.
Айниқса, “Гулхумор” фермер хўжалигида бир гектар, “М.Мирзааҳмат ота” фермер хўжалигида бир гектар, “Мирзаев Азимжон” фермер хўжаликда икки гектар ва “Исломжон Иброҳимжон келажаги” фермер хўжалигида мавжуд бир гектар иссиқхоналарда етилган лимон маҳсулотлари нафақат ички бозорга, балки қўшни давлатларга ҳам экспорт қилинаётгани диққатга сазовор.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири