Лимончиликда илм ва инновация самараси (+видео)
Бундан беш йил аввал давлатимиз раҳбарининг “Лимончилик тармоғини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори эълон қилинганди. Унда Тошкент давлат аграр университети ҳузурида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида цитрус, субтропик ва тропик ўсимликларни етиштириш бўйича кичик инновацион корхонани ташкил этиш чоралари белгилаб берилди.
Бунда, корхонанинг асосий вазифаси сифатида «фан-таълим-ишлаб чиқариш»нинг узвий интеграциясини таъминлаш, дарс машғулотларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ ҳолда амалга ошириш ва талабаларда амалий кўникмаларни шакллантиришга эътибор қаратилганди.
Шундан буён бу соҳада талабалар, магистрлар ва докторантлар томонидан бир қатор илмий изланишлар олиб борилди. Натижада цитрус, субтропик ва тропик ўсимликларни етиштириш технологиялари бўйича ўнлаб диссертациялар ҳимоя қилинди. Масалан, ёш олима Мафтуна Маҳмуджонова устозлари билан биргаликда янги цитрус мева устида иш олиб борди ва маҳаллийлаштирди. Яқин йиллар ичида ушбу ўсимлик Ўзбекистонда кенг оммавийлаштирилади.
- Ҳозирда янги навни ихтиро қилиш арафасидамиз, - дейди Тошкент давлат аграр университети мустақил тадқиқотчиси Мафтуна Маҳмуджонова. - Гринфрутнинг “Ўзбекистон” деган янги навини киритдик. Бу мева инсон организмига хуш кайфият бағишлайди. С витаминлари мавжудлиги боис инсоннинг соғлом бўлишига хизмат қилади.
Тошкент давлат аграр университетида устоз-шогирд анъаналари яхши йўлга қўйилган бўлиб, кейинги йилларда минтақамиз учун ноанъанавий бўлган кўплаб сердаромад ўсимликлар маҳаллийлаштирилмоқда. Масалан, голубика, апелсин, мандарин, банан, киви, лимоннинг ўнлаб турлари устида тадқиқотлар олиб борилди ва улар ҳозирда республикамизнинг турли бурчакларида иссиқхоналарда кўпайтириляпти.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг шу йилнинг 4-5 февраль кунлари Малайзияга қилган расмий ташрифи давомида кўплаб соҳалар қатори қишлоқ хўжалигида ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам ҳужжатлар имзоланганди. Бугунги кунда бу бўйича ҳам Тошкент давлат аграр университетида амалий саъй-ҳаракатлар бошлаб юборилди.
- Республикамизда қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчилигида Тошкент давлат аграр университетида асосий йўналишлар бор, - дейди Тошкент давлат аграр университети кафедра мудири Сирожиддин Жўраев. - Кундузги ва сиртқи таълим йўналишлари ҳозирда мавжуд ва кечки таълимни ҳам йўлга қўйишни режалаштирганмиз. Мухтарам Президентимиз Малайзия давлатига сафарда бўлдилар ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Олий таълим ўртасида кўплаб битимлар имзоланди.
Ҳозирги кунда қишлоқ хўжлигида рақамли технологияларни ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Куни кеча Малайзиянинг биринчи ўринда турадиган рақамли технология соҳаси ривожланган университетларнинг бир гуруҳ мутахассислари билан семинар ўтказдик. Сабаби рақамли технология, инновацион ечимлар билан бугун аҳолини ошиб бораётган эҳтиёжларини таъминлашга, озиқ-овқат маҳсулотларини кўпроқ етиштиришга эришамиз.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/DI--jkYD6vM?si=VBEfdTdWgBcuCtVv" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА