Лицейлар битирувчилари имтиҳон топширмоқда
Республика академик лицейлари битирувчи босқич ўқувчиларининг чет тилини билиш даражасини аниқлаш имтиҳонлари бошланди.
Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Тест синовларининг ёзма (тинглаб тушуниш, ўқиш, лексик ва грамматик компетенциялар, ёзма иш) қисми 25-26-27 март кунлари икки сменада ташкил этилади ҳамда Давлат тест маркази ва академик лицей биноларида ўтказилади.
Гапириш кўникмасини баҳолаш имтиҳонлари эса апрель ойида бўлади.
Республика академик лицейлари битирувчи босқич ўқувчиларининг чет тилини баҳолаш даражасини аниқлаш имтиҳонлари давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 3 декабрдаги «Иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизими ва академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарорига асосан ташкил этилмоқда.