30 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти ва Беларусь стратегик тадқиқотлар институти ҳамкорлигида “Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлиги – янги уфқ ва истиқбол” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққан Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиш суръатини юқори баҳолади.
Л.Маринич Тошкент ва Минск барча масалалар бўйича очиқ, тенг ҳуқуқли мулоқотни қўллаб-қувватлаши, икки мамлакат ўртасидаги шартномавий-ҳуқуқий база 70 дан ортиқ ҳужжатни ўз ичига олганини мамнуният билан қайд этди.
Элчи энг муҳим йўналишлар бўйича шериклик, айниқса, сўнгги олти йилда жадал ривожланаётганини алоҳида эътироф этди.
Унинг сўзларига кўра, бундай фаоллашув кўп жиҳатдан Ўзбекистон ва Беларусь давлат раҳбарлари ўртасида ўрнатилган илиқ, ишончли муносабат туфайлидир. Икки етакчининг ўтган йиллар мобайнида олий даражада ташкил этилган турли учрашувлари томонларнинг мавжуд ҳамкорлик кўламини янада кенгайтиришга қизиқиши, интилишни кўрсатди.
Биргаликдаги саъй ҳаракат самараси ўлароқ, 2023 йил якунида мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 11,5 фоиз ошиб, 600 миллион долларни ташкил этди. Элчининг сўзларига кўра, икки давлат иқтисодиёти, деярли, рақобатлашмаслиги ва бир-бирини сезиларли даражада тўлдириши мумкинлигини ҳисобга олганда, бу кўрсаткични ҳали ошириш мумкин.
Л.Маринич агросаноат тармоғи, машинасозлик, озиқ-овқат, фармацевтика ва енгил саноат соҳаларини устувор йўналишлар сифатида қайд этди.
Мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича қатор қўшма чора-тадбирлар амалга ошираётгани таъкидланди.
Биринчидан, кооперация алоқаси изчил кенгаймоқда. Шу мақсадда техника воситаларини йиғиш, сут маҳсулотлари, антибиотик ва дори-дармон, пойабзал ишлаб чиқариш, тўқимачилик маҳсулотлари тикиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этилган ва муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Иккинчидан, Л.Маринич қайд этишича, ишбилармонлик мулоқотининг янги форматлари жорий қилинган. Мавжуд салоҳиятни юзага чиқариш самарадорлигини оширишга хизмат қиладиган Беларусь – Ўзбекистон Аграр, Ҳудудлар, Аёллар форумлари, Ишбилармонлик кенгаши, йиғилиши шулар жумласидан.
Учинчидан, деди элчи, ҳудудлараро алоқани ривожлантириш фаол тарзда қўллаб-қувватланмоқда. Беларусь ҳудудлари Ўзбекистонни ҳудудий ривожлантириш дастурларида иштирок этишга қизиқиш билдирмоқда, икки мамлакатда мавжуд эркин иқтисодий зоналар эса қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва ривожалнтириш учун самарали майдонча бўлиши мумкин.
Шу муносабат билан жорий йил 6-7 февраль кунлари ўтказилиши режалаштирилган Ҳудудлар форуми шерикликни ривожлантиришга қўшимча туртки бериши мумкинлиги билдирилди.
“Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш учун захира айнан шу ерда”, – деди элчи.
Л.Маринич, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алмашинув изчил кечаётганига эътибор қаратди. Бу таълим, илм-фан, саломатлик, туризм соҳаларига тааллуқли.
Ўзбекистон ва Беларусь халқаро майдонда ҳам амалий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Беларуснинг ШҲТда доимий аъзо мақомини олиш истаги Ўзбекистон томонидан қўллаб-қуватланаётгани бунинг яққол исботидир.
“Бугун Ўзбекистон Беларусь учун Марказий Осиёдаги энг муҳим стратегик ҳамкор”, – деди Л.Маринич.
ЎзА