“Лаззатли Ўзбекистон” халқаро чемпионатида ўзбек нонуштаси биринчиликни эгаллади
6 ноябрь куни Ошпазлар уюшмаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган “Лаззатли Ўзбекистон” биринчи халқаро кулинария чемпионатига старт берилган эди.
6 ноябрь куни Ошпазлар уюшмаси ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан ташкил этилган “Лаззатли Ўзбекистон” биринчи халқаро кулинария чемпионатига старт берилган эди.
Унда 30 га яқин давлатдан ташриф буюрган ошпазлар жамоаси бош соврин учун беллашди. Жамоаларнинг ишларини турли давлатлардан ташриф буюрган ҳамда Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамиятининг (WACS) экспертларидан иборат 20 кишилик ҳакамлар ҳайъати баҳолаб борди.
Бугун ғолиблар эълон қилинди.
“Миллий этно нонушта” шарти бўйича Жазоир, Мўғулистон, Руминия, Қозоғистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасининг нонушталари тайёрланди. Мазкур шартда нонушталар сифат уйғунлиги билан бирга ундаги таомлар хилма-хиллиги, нонуштани тақдим этишдаги креативлик, тозалик каби мезонлар асосида ҳакамлар томонидан баҳоланди.
Жазоир нонуштасида хурмодан тайёрланган турли ширинликлар, дуккакли донлардан тайёрланган бўтқа ва қаҳва олтин суви юритилган миллий нақшдаги чинни идишларда узатилди. Руминия нонуштасида турли хил мева ва мурабболар, қуритилган қўзичоқ гўштидан тайёрланган колбаса, ловия, бақлажондан тайёрланган икралар, маҳаллий уч турдаги пишлоқ ва пшенодан тайёрланган бўтқа ушбу давлатнинг миллий кашталари туширилган қизил ҳошияли дастурхонга тортилди. Қозоғистонлик ошпазлар ҳам ўз пишириқ ва ширинликларини тақдим этди.
Мўғул нонуштасидаги ўзбек ҳолвайтарига ўхшаш қовурилган ундан тайёрланган ширинлик борлиги шарқ ошхонасининг муштарак жиҳатларини кўрсатди. Аммо бу мамлакат нонуштасидаги шакарли творог таъмини эслатувчи қуртлар, нонушта дастурхонининг фақат оқ маҳсулотлардан иборатлиги агар ҳамма ширинликлар татиб кўрилса иштаҳани бўғиб қўйиши мумкинлиги, шундек, мўғул ошпазлари ўз нонушталарини маҳаллий услубда эмас, балки бир марталик елим идишларда тақдим этгани боис ҳакамлар томонидан паст баҳо берилишига сабаб бўлди.
Ҳинд нонуштасида иссиқ юпқа нонлар ичига солинган сабзавот ва гўшт солиб тортилган қуймоқлар ўз тўйимлилиги билан алоҳида эътирофга сазовор бўлди.
Қорақалпоғистон нонуштасида қурт, жийда, дудланган балиқ, қуритилган мевалар, буғдой унидан тайёрланган ва сутга қўшиб истеъмол қилиш мумкин бўлган “ақсаллак” тақдим этилди. Ўзбек нонуштасида ҳўл ва қуруқ мевалар, иссиқ қат-қат сомса, варақи, қуш тили, мурабболар, иссиқ нон, қаймоқ, новвот, гўштли ўрамалар миллий сопол идишларда атлас ҳошияли дастурхонга қайноқ кўк чой билан тортилди.
Ҳакамларга миллий нонуштамизда сутли ва гўшт маҳсулотлар кўплиги, ҳатто вегетарианлар учун ҳам тановул қилиш учун маҳсулотлар кўп эканлиги ва таомларнинг иссиқ тортилганлиги жуда маъқул бўлди.
Мусобақа натижасига кўра, Руминия ва Ҳиндистон нонуштаси учинчи, Қозоғистон ва Жазоир нонуштаси иккинчи, Ўзбекистон нонуштаси эса биринчи ўринни эгаллади.