Лайма Владсон чорак финалда, Камилла Раҳимова эса...
Канада ва Германияда ўтаётган нуфузли халқаро теннис мусобақаларида Ўзбекистон вакилалари Лайма Владсон ҳамда Камилла Раҳимова навбатдаги учрашувларини ўтказди.
Германиянинг Лейпциг шаҳрида Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан ташкил этилаётган W75 тоифасидаги халқаро турнирда ёш теннисчимиз Лайма Владсон иккинчи босқичда эстониялик Елена Малигинага қарши кортга чиқди. Уч сет давом этган баҳсда ҳамюртимиз 6:3, 2:6, 6:2 ҳисобида ғалаба қозониб, мусобақанинг чорак финалига йўл олди.
Энди Лайма Владсон ярим финал йўлланмаси учун Чехия вакили Анета Лабоутковага қарши баҳс олиб боради.
Канаданинг Торонто шаҳрида ўтаётган WTA 1000 тоифасидаги “National Bank Open Presented by Rogers” турнирида эса Ўзбекистоннинг биринчи рақамли теннисчиси Камилла Раҳимова яккалик баҳсларининг учинчи босқичида америкалик Жессика Пегулага мағлуб бўлиб, мусобақадаги иштирокини якунлади.
Шунга қарамай, Камилла Раҳимованинг ушбу нуфузли турнирда учинчи босқичгача етиб боргани унга 47 605 АҚШ доллари мукофот пули ҳамда 65 рейтинг очкоси келтирди. Бу натижа теннисчимиз учун мавсум давомидаги муҳим ютуқлардан бири сифатида қайд этилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА