Лайло Асатова: “Касбим бугун менинг фахрим”
Бухоро вилояти “Когонтумангаз” газ таъминоти бўлими газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангари Лайло Асатова учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги қўшалоқ келди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан “Шуҳрат” медали билан мукофотланди.
– Бу мукофот аслида таъминотда фаолият олиб бораётган барча ходимларники, – дейди “Шуҳрат” медали соҳибаси Лайло Асатова. – Бир ёқадан бош чиқариб, билмаганларимни ўргатиб, доимо мени қўллаб келган ҳамкасбларимнинг ҳам ўрни бор. Қанчалар мураккаб бўлмасин, шу касб эгаси бўлганим билан фахрланаман.

Бухоро вилоятининг Когон туманида туғилган Лайло опа бугун ўз касбидан фахрланиб гапиради.
– 17 йилдан ортиқ вақт давомидаги фаолиятим кўп нарсани ўргатди, – дейди Лайло Асатова. – Масъулият, ўзаро мулоқот, сифатли иш услуби, хавфсизликни таъминлаш. Буларнинг барчасини иш жараёнида ҳис этдим. Кўпчилик бошқа касбни танласанг бўлар эди, деб маслаҳат берган. Аммо бугунги меҳнатимни кўриб қанчалик ҳавас қилганларни ҳам кўриш мумкин. Касбим бу менинг фахрим ҳисобланади.

Чилангар аёлнинг ўз касбига бўлган садоқати сабаб минглаб инсонларнинг хавфсизлиги таъминланмоқда. Қувонарлиси, у бугун когонликларнинг дуосида. Қизиқиб, “Дилкушо” кўчасида истиқомат қилувчи Сайёра Абдуллаева билан суҳбатимиз давомида чилангар аёлнинг меҳнати тўғрисида сўрадик.
– Газ таъминотида чилангар бўлиш осон иш эмас, – дейди Сайёра опа. – Инсонларнинг хавфсизлиги, фаровон турмуши айнан шу соҳа ходимларининг қўлида. Лайло синглимиз ўз вақтида келиб, ишини сифатли бажаради. Қачондир муаммо бўлса бартараф этади. Газдан тўғри фойдаланиш йўриқномаларини бериб ўтади. Асосийси масъулиятли чилангар.

Аслида ҳар биримиз ўз хавфсизлигимизга эътиборли бўлишимиз керак. Катта масъулият талаб этадиган бу соҳа вакили эса халқ билан бирга яшайди, уларнинг яшаш шароитини дилдан ҳис этади. Айниқса, ўз ишининг устаси сифатида барчанинг кўнглидан жой олиб келаётгани унга янада куч ва шижоат беради.
Бугун Лайло опанинг меҳнатлари ўз мевасини бермоқда. Буни чиланганрга кўрсатилган эҳтиромдан ҳам билиш мумкин.
Зариф Комилов, ЎзА