“Лайли ва Мажнун” – илоҳий ишқнинг бетакрор тараннуми
Ўзбекистон давлат драма театрида буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг бебаҳо адабий мероси – “Лайли ва Мажнун” достони асосида саҳналаштирилган спектакль намойиши бўлиб ўтди.
Мамлакатимиз театр санъатида ўзига хос воқеликка айланган ушбу намойиш Ҳазрат Навоийнинг беназир асарларини халқимизга, айниқса, ёшларга тобора яқинлаштириш йўлидаги муҳим эзгу ташаббус бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ғоя муаллифи ва адабий маслаҳатчи – Ўзбекистон халқ ёзувчиси, устоз ижодкор Хайриддин Султон, инсценировка муаллифи – Икром Искандар, саҳналаштириш бадиий раҳбари – Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ҳамза номидаги Давлат мукофоти совриндори Олимжон Салимов бўлган ушбу спектаклнинг намойиши юртимиз жамоатчилиги, театр мухлисларида катта қизиқиш уйғотди.
Давримиздан салкам олти аср йироқда бўлган аллома бобомизнинг адабий мероси биз учун ҳам тил хазинаси, ҳам ахлоқий қўлланма, ҳам миллий ғурур манбаидир. Унинг асарларини ўқиш орқали халқимиз ўз она тилининг нақадар бой, нафис ва қудратли эканини ҳис қилади. Одоб-ахлоқнинг, маънавият ва маърифатнинг ўзига хос бетакрор қомуси бўлган Навоий асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, саховат, камтарлик ва адолат каби ғоялар ҳар қандай замон учун ва ҳатто келажак учун ҳам долзарб бўлиб қолаверади.
Турли ёт маданиятлар кириб келаётган бугунги глобаллашув даврида Навоий мероси биз учун кучли “маданий қалқон”, “камолот маёғи” вазифасини ўтайди. Унинг асарлари инсонни юзаки кўнгилочар нарсалардан кўра, чуқурроқ мушоҳада юритишга ва ҳаётнинг мазмуни ҳақида теран ўйлашга ундайди. Бу жиҳатлар бобокалонимизнинг “Лайли ва Мажнун” достонида ҳам яққол кўзга ташланади. Юксак бадиияти, теран фалсафий ғояси билан ушбу асар бугун ҳам дунё олимларининг эътиборида, тадқиқотлари марказида бўлиб турибди. Достон шунчаки икки шахс муҳаббати эмас, балки Яратганга чин эътиқод, меҳр ва ихлоснинг юксак тараннуми намунасидир. Спектаклни томошабинларга тақдим этиш жараёнида шу жиҳатлар эътиборга олингани аҳамиятга моликдир.
– Театрнинг премьераси – ўзига хос байрам, — деди Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон Давлат драма театри бадиий раҳбари ва бош режиссёри Олимжон Салимов. – Бундан кўп йиллар аввал ҳам Навоийнинг “Садди Искандарий” асарига мурожаат қилинганди. “Лайли ва Мажнун” спектаклини саҳналаштиришда 30 дан ортиқ актёрлар қатнашган. Илк намойиш Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Доно Бобохонованинг порлоқ хотирасига бағишланади. Сабаби, Доно опа шу спектаклда асосий роллардан бирини ижро этишлари керак эди. Икки кун аввал саҳнада юрак хуружига учрадилар...Афсус, уларни сақлаб қололмадик...
Дарҳақиқат, “Лайли ва Мажнун” спектаклини бошдан охирига қадар томошабин жиддий ва адоқсиз ҳаяжонда кўради. Рамзлар, тимсоллар, ташбеҳларга тўла бу асар илоҳий ишқнинг машаққатидан сўзлаши билан эътиборга молик.
– Театр мухлислари кўпдан буён Навоий асарларининг саҳнадаги талқинини интизорлик билан, орзиқиб кутарди, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон. – Аслида Алишер Навоийнинг “Лайли ва Мажнун” достони чуқур рамзий фалсафий ғоя ва мазмунга эга асарки, унинг уммон янглиғ тубига олимлар ҳамон етиб бора олган эмас. Асарни саҳнага тайёрлаш жараёнида Навоийни тушуниб, англаб ёндашганлари учун театр фидойиларига таъзим этамиз. Зеро, Навоийни шу тарзда ёшларга тушунтирмасак, у биз учун жумбоқ бўлиб қолаверади. Улуғ аллома асари асосидаги спектаклни томоша қилиш осон эмас, лекин Навоий ғояларининг мағзини чақа олиш инсонга битмас-туганмас маънавий озуқа беради.
– “Лайли ва Мажнун” Навоийнинг энг ўтли ва ҳароратли достонларидан бири, – деди навоийшунос олим, филология фанлари доктори Олимжон Давлатов. – Қолаверса, “Йиғлай-йиғлай тугатдим охир” деган сатрлар билан зийнатланган бундай достонни саҳналаштириш ғоят мураккаб иш. Айниқса, анъанавий қотиб қолган қарашларни синдириб, янгича бир талқинда, абадийликка дахлдор мавзуда бир спектакль яратилиши жуда осон иш эмас. Биринчи навбатда инсценировка муаллифи Икром Искандарни табрикламоқчи эдимки, спектаклни яратишда ҳазрат Навоийнинг байту ғазалларидан ижодий тарзда фойдаланиб, содда бўлган байтларни аслиятда, нисбатан мураккаб байтларни назмий қайта талқинда берганлар. Бу ҳам спектаклнинг тушунарли бўлишини таъминлаган. Иккинчи жиҳати бор – спектаклда образлар жуда ёрқин кўрсатилган. Айниқса, мен учун Лайлининг отаси образи маъқул тушди. Лайлининг отаси жоҳилликдан эмас, шунчаки сиёсат учун эмас, балки у қизини шу қадар яхши кўрадики, девоналикда номи чиққан Қайсга бергиси келмайди. Ор-номусни ҳар нарсадан баланд қўяди. Яна бир маъқул бўлган жиҳат, образ Навоий образи. Ровий тарзида талқин этилган Навоий образи спектакль мазмунини етказишга хизмат қилувчи образ бўлди. Шунингдек, Лайли образини очиб берган қизимиз муҳаббатда аёллар ўт-олов бўлишини жуда ёрқин акс эттирган.
[gallery-28840]
Спектаклни саҳналаштирувчи режиссёр – Асқар Холмўминов. Саҳналаштирувчи рассом – Миржалол Ҳолиқов. Композитор – Айпберген Ўтегенов. Балетмейстер – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қаҳҳоров. Либослар бўйича рассом – Раъно Хайриддинова.
Мазкур спектакль нафсни енгиш, поклик, вафо, илоҳий ишққа интилиш, сабр ва матонат, эрк, руҳий юксалиш каби бетакрор инсоний фазилатларни тараннум этгани билан мухлислар меҳрини қозонди.
Назокат Усмонова,
Аслиддин Алижонов(суратлар),
ЎзА