Техника ривожлангани сари инсоният учун қулайликлар тобора кенгаймоқда. Айниқса, электрон қурилмалар нафақат мулоқот ва ахборот, балки кўнгилочар воситага айланди. Ахир телефон аппарати орқали қўшиқ эшитиш, китоб ўқиш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ва турли ўйинлар ўйнаш мумкин.
Албатта, бундан ўз ўрнида, меъёрида фойдаланиш керак. Аммо бу чексиз оламда чалғиб қолишдан ёмони йўқ. Турли ғирром, жангари ўйинлар, ҳаёсиз фильмлар, турли оқимлар ташлаган тузоқлар бари-бари шу ердаки, бу ёшларни ўз домига осонгина тортиб олади. Оқибатда эса...
Шаҳриёр Маҳмудов (исм-шарифлар шартли) ҳам ижтимоий тармоқларнинг “фаол” фойдаланувчиларидан эди. У шу даражада боғланган эдики, яқинларига қулоқ солмас, эртасини умуман ўйламас эди.
Шаҳриёр вояга етиб бораркан, “Тик-Ток”, “Instagram” каби ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига турли бачкана видеороликлар, суратларни жойлаб, тарбиядан тамомила узилиб тартибсиз ҳаёт кечиришга мослашиб борарди. Унинг туни ҳам куни ҳам фақат виртуал олам ичидаги турли беўхшов тақлид видеороликлар, онлайн мулоқот ва сохта туйғуларга асир бўлиб ўтаверди.
Худди ўзи каби тенгдоши Амир Акбаров билан танишиб қоларкан, “виртуал дунёлари”ни бирлаштириб, янада кўпроқ “обуначи”ларни жалб этишни режа қилишди. Турли мазмундаги бачкана видео ва суратларни кўпайтириб, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлашни кўпайтиришди.
– Сен менга обуначилар ва “пост”ларимдаги “лайк”ни кўпайтиришга ёрдамлашасан, мен сени ҳақингни бериб бораман, – деди Шаҳриёр.
Кафолатсиз таклиф Амирга ҳам маъқул тушиб, турли “ижод” намуналарини ташлай бошлади. Кунлар ўтиб бораркан, Амирнинг Шаҳриёрдаги ҳаққи 500 минг сўм бўлганда, у аввал пулини тўласа кейин ишни давом эттиришини айтди. Бу, табиийки, Шаҳриёрга ёқмади ва икковлон тортишиб қолди.
Ҳар иккови ҳам тажанг ва қайсар эдики, уларнинг тортишуви муштлашувга айланиб кетди. Аммо Шаҳриёр жисмонан кучсиз бўлиб, енгилаётганини сезиб, бир зум тўхтади ва қўлини кўтарди. Ҳозир пулни олиб чиқаман, дея уйига кириб кетди. Амир бундан мамнун бўлиб, уст-бошини мағрурона қоқаётган пайт Шаҳриёрнинг келаётганини сезиб бошини кўтарди. Аммо шу пайт бирдан кўксига бир нима қадалди-ю, унинг кўзи тиниб, боши айлана бошлади...
Важоҳатини ичига ютишга мажбур бўлган Шаҳриёр уйига кириб ошхона пичоғини олиб чиққан эди. У ўртоғининг кўксига пичоқни бир эмас, бир неча марта санчди.
Эндигина йигирмага кирган бир йигит жувонмарг бўлди. Бири эса қасддан одам ўлдириш жинояти билан айбли, деб топилиб, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилди.
Афсус... Бироқ, энди надомат чекиш бефойда. Зотан, вақтида малҳам қўйилмаган яра албатта газак олиб, шундай оқибатга олиб келиши муқаррар эди.
Хўш, бу қадар вахшийлик, аламзадалик, жангарилик асоси нима эди? Англаганингиздек, ўша “лайк” қайғусидаги қарздорлик можароси фожиали якун топди.
Хулоса шуки, ҳар бир фарзанд жамият ва миллатимизнинг эртанги ҳаётига дахлдор мустаҳкам пойдевордир. Шундай экан, уларнинг “виртуал олами” назоратдан четда қолмаслиги керак.
Акром АРИПОВ,
Олий суд бош консультанти
ЎзА