Латвия университети билан ҳамкорлик
Латвиянинг Табиий фанлар ва технологиялари университети проректори Аигарс Лаизанс раҳбарлигидаги делегация Андижон давлат университетида бўлди.
Айни пайтда Андижон давлат университетида ўндан ортиқ хорижий давлатларнинг олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳамкорлик кўлами йилдан-йилга кенгайиб бормоқда. Бундан буён университетда Латвиянинг Табиий фанлар ва технологиялари университети билан қўшма дастурлар доирасида мутахассислар тайёрланади.

Латвиялик меҳмонлар университетда ўзбекона урф-одатлар билан кутиб олинди. Шундан сўнг, университетнинг кичик мажлислар залида икки олий таълим муассасалари вакиллари иштирокида ҳамкорлик бўйича музокара учрашуви ўтказилди.
Латвия Табиий фанлар ва технологиялари университети ўқув ишлари бўйича проректори Аигарс Лаизанс иштирокчиларга Латвия университети, хусусан, мамлакат олий таълим тизими ҳақида маълумот берди. Шунингдек, икки университет ўртасида академик ва илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш, 2+2 кўринишида қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ҳамкорлик алоқаларининг асосий йўналишлари бўйича таклифлар билдирди.

Учрашувда Латвия табиий фанлар ва технологиялар университети тўғрисида видеоролик намойиш этилди.
Музокаралар якунида озиқ-овқат технологиялари бакалавриат таълим йўналиши бўйича қўшма дастурни амалга оширишга келишиб олинди, икки университет ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Латвиялик меҳмонлар университет, университетдаги ўқитиш жараёнлари, физика-математика фанлари доктори, профессор Райимжон Алиев бошчилигидаги «Қайта тикланувчи энергия манбалари» илмий лабораторияси фаолияти, кимё ва биология илмий ва ўқув лаборатория хоналарини кўздан кечирди.
Шунингдек, меҳмонлар университетда ташкил этилган «Қатағон қурбонлари хотираси» музейида бўлиб, машъум қатағон йилларидаги Ўзбекистон тарихига оид маълумотлар, фотосуратлар билан танишди.
Келгусида икки олий таълим муассасаси ўртасида имзоланган мeморандумга асосан, 2+2 қўшма таълим дастури доирасида бакалавриат таълим йўналишида озиқ-овқат технологиялари соҳаси бўйича мутахассислар тайёрланади.
Ф.Убайдуллаев, З. Умрзоқов, (сурат), ЎзА .