Лангарга эчки жунидан гилам тўқиш санъати қайтди
Хатирчи тумани Лангар қишлоғи эркаклари авваллари кон ишлари билан шуғулланган бўлса, ҳудуд хотин-қизлари ҳунармандчилик жумладан, гиламдўзлик санъати билан машғул бўлган.
Хатирчи тумани Лангар қишлоғи эркаклари авваллари кон ишлари билан шуғулланган бўлса, ҳудуд хотин-қизлари ҳунармандчилик жумладан, гиламдўзлик санъати билан машғул бўлган.
Чорва молларини боқиш учун қулай ҳудудда яшовчи лангарликлар эчки жунидан фойдаланиб гилам тўқиган.
Афсуски, момомерос бу ҳунар билан кейинги қирқ йилда ҳеч ким шуғулланмай қўйганди.
Навоий ЭИЗ директори Ҳабиб Абдуллаев Лангарда бўлиб гиламчиликни қайта тиклаш ташаббусини илгари сурди.
– Олдинда жиддий муаммо – гиламни ким тўқийди, бу ҳунарни ўрганиб қолганлар борми? деган савол турарди, – дейди Ҳ. Абдуллаев. – Маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашиб 1980 йилларда гилам тўқиган, бугун 60 ёшдан ошган момо борлигини аниқладик. Момо билан роса суҳбатлашдик.
Лангар гиламларини тўқиш сир-синоатини гапириб берган момо энди гилам тўқишга кучи етмаслигини айтди. Аммо мақсадга етишимиз шарт. Устига-устак шу киши гилам тўқишни биладиган ягона инсон. Шу боис ҳам бу ҳунарни ёшларга ўргатишимиз зарур. Акс ҳолда бу мерос йўқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.
Ниҳоят момони гилам тўқишга кўндирдик. Ёш жувонлар унга ёрдам берадиган бўлди. Биласизми гилам тўқиш учун зарур бўлган жиҳоз ҳам йўқолиб кетган экан. Момонинг тахминий чизгилари асосида шунга ўхшашроқ ускуна Шаҳрисабзда борлигини аниқладик. Жиҳоз келтириб шу ерда ясалди.
Бунга ёши улуғ инсонлар бош-қош бўлди, маслаҳат берди. Гилам учун зарур бўлган жун келтирилиб, турли хилда рангланди. Ниҳоят 22 кун деганда кичик ўша қадимий гилам тўқилди.
Маълум бўлишича, лангарликлар ўз гиламларига меҳр-муҳаббатларини ҳам қўшиб тўқир экан.
Қирқ йилдан сўнг яна дастгоҳ қаршисига ўтирган момонинг меҳнатига яхшигина ҳақ тўланди. Бир миллион сўм...
Яна олти киши мана шундай гилам тўқишга буюртма олди.

Илҳом САТТОРОВ, журналист