Лангар қўрғонида осма дор йўли ташкил этилади
Навоий шаҳридги “Coworking” марказида вилоят туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси томонидан вилоятда туризмни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижроси юзасидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Дастлаб ҳудудий бошқарма бошлиғи Жавлон Ҳасанов Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳияти, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёз ва преференциялар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, фармонга кўра туроператор, тур агент ва жойлаштириш воситаларига 2021 йил 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси 50 фоизга камайтирилди, улар ер ва мол-мулкка солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинди ва ижтимоий солиқ ставкаси бир фоиз қилиб белгиланди. Шунингдек, ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарималар қўллаш тўхтатилди. Туроператорлар учун тегишли шартларда авиа ва темир йўл чипталари бўйича қисман субсидиялаш белгиланди.
Бугунги кунда вилоятда 37 та меҳмонхона, 44 та оилавий меҳмонлар уйи, 17 та хостел, 4 та ўтовли лагер, 5 та дам олиш маскани, маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари кўрсатиб келинмоқда.
2019-2020 йиллар давомида хорижий ва маҳаллий туристлар учун 4 та туризм ахборот маркази ташкил этилди, 17 та намунавий санитария-гигиена шохобчалари қурилди, 51 та туристик объектларга олиб борувчи йўл кўрсатгич белгилари, 121 та туризм объектларда Wi-Fi ҳудуди ташкил қилинди.
2020-2022 йилларда туризм соҳаси бўйича умумий қиймати 141,9 миллиард сўмлик жами 32 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган бўлиб, 2020 йилда умумий қиймати 25,8 миллиард сўмлик жами 10 та лойиҳа амалга оширилди. Натижада, 6 та янги меҳмонхона, 3 та меҳмон уйи ва 1 та дам олиш маскани ишга туширилиб, жами 90 га яқин янги иш ўринлари яратилди.
2020 йил иккинчи ярим йиллиги давомида 8 та жойлаштириш воситасига 324,1 миллион сўм, 2 та туроператорга 100,6 миллион сўм ссуда ажратилди.
Шу билан бирга, вилоят вакиллари томонидан Италия, Хитой, Ҳиндистон, Финляндия, Латвия, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия ва Украина давлатларида ўтказилган Халқаро кўргазмаларда вилоятнинг туризм салоҳияти намойиш этилди.
[gallery-1155]
Матбуот анжуманида ҳудудий бошқарма томонидан 2021-2022 йиллардаги устувор вазифалар ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, Қизилтепа туманидаги Тўдакўл сув омбори, Нурота туманидаги Айдаркўл сув ҳавзалари атрофида кичик туризм зоналари, “Ўзбекистон туризм магистрали” ташкил этиш ва ривожлантириш мақсадида М-37 автомагистрал йўлида “Ҳунармандлик маркази”, меҳмонхона, дам олиш маскани барпо этиш, “Тир парк” ва ўндан ортиқ туризм соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш режаланган. Навбаҳор тумани Сармишсой дарасидаги 7 минг йиллик тарихга эга 10 мингдан ортиқ ноёб қоятош суратлари (петроглифлар), археологик-маданий мерос ёдгорликларини муҳофаза қилиш мақсадида ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси ёдгорликлари рўйхатига киритиш, Хатирчи тумани Олтинсой қишлоғи, Конимех тумани Зафаробод массиви ҳудудларида тиббий туризмни ривожлантириш мақсадида даволаш-соғломлаштириш имкониятига эга бўлган табиий ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда соғломлаштириш марказлари барпо этилади. Нурота туманидаги Сентоб қишлоғи, Хатирчи туманидаги Ангидон, Лангар қишлоқларига “Туризм маҳалласи”, “Туризм қишлоғи” мақомини бериш орқали мазкур ҳудудларда қўшимча инфратузилмани ривожлантириш мақсадида инвестиция киритиш орқали дам олиш масканлари ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Нурота тумани Сентоб қишлоғида, Хатирчи тумани Лангар қўрғонида осма дор йўлларини ташкил этиш ҳам келгусидаги устувор вазифалардан бири бўлса, Навоий шаҳридаги Ислом Каримов кўчасида “Туризм” кўчаси, Абдураҳмонова кўчасида эса “Гастрономик туризм кўчаси” ташкил этиш белгиланган.
Матбуот анжуманида ҳудудий бошқарма бошлиғи журналист ва блогерларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА