Лабораториялар фаолиятидаги энг муҳим жиҳат
Лабораториялар фаолиятидаги энг муҳим жиҳатлардан бири – ускуналарни мунтазам равишда янгилаш ва модернизация қилишдир.
Янги асбоб-ускуналар ва технологияларни амалиётга жорий этиш халқаро стандартларга риоя қилиш имконини бериш баробарида тўғридан-тўғри фармацевтик маҳсулотлар сифат назоратининг самарадорлигига таъсир қилади. Натижада назорат жараёнининг аниқлиги, тезлиги ва ишончлилиги сезиларли даражада яхшиланади.
Айни шу мақсадда Вакциналар, зардоб препаратлари ва микробиологик таҳлил лабораторияси ўз моддий техник базасини замонавий "Leica DM 500" биологик микроскопи ҳамда унинг рангли рақамли камераси "Flexicam i5" ва керакли аксессуарлари билан тўлдирди.
Ушбу ускуна ёруғлик майдони усули бўйича тадқиқотлар ўтказиш учун мўлжалланган бўлиб, илғор оптик тизими ҳамда тасвирлар, рангларни тўғридан тўғри компьютер мониторига узатиш имконияти туфайли аниқ ва батафсил тасвирларни тақдим этади. Шунингдек, микроскоп камераси тезкор суратга олиш ва тасвирларни видеоёзув қилиш имконини беради.
Айтиш жоиз, бу ускуна фармацевтик маҳсулотларнинг микробиологик назоратида микроорганизмларни тадқиқ қилиш ва уларнинг идентификациясини амалга оширишда қатор қулайликлар яратади.
М.Қосимова, ЎзА