Лўли миллатига мансуб аҳоли ҳам янги уй-жойларга эга бўлди
Пахтакор туманидаги Олтинкўл ва Олмазор маҳаллаларида 35 гектардан зиёд ер майдони ажратилиб, 3200 нафар фуқаро учун 780 та янги уй бунёд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Жиззах вилоятида ҳам янги турар жой массивлари қурилиши изчил давом этмоқда. Авваллари эътибордан четда қолган кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли ва лўлилар ҳам ўз ҳаётида тарихий ўзгаришларни ҳис этиб, янги уй-жойларга эга бўлмоқда.
Гап шундаки, Пахтакор туманидаги Олтинкўл ва Олмазор маҳаллаларида 35 гектардан зиёд ер майдони ажратилиб, 3200 нафар фуқаро учун 780 та янги уй бунёд этилди. Ҳозирда ободонлаштириш ишлари якунига етказилмоқда. Янги массивларда аёллар бандлигини таъминлаш учун 2 та тикув цехи ҳам қурилди. Айниқса, ҳудуд инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 10 километрдан зиёд автомобиль йўллари, 8 км электр, 3 км. сув тармоқлари тортилди. Мактаб ва мактабгача таълим муассасаси қуриб берилди. Бунинг учун давлат томонидан 150 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди.
Ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган, ҳозирда турмуш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган уйларда яшаб келаётган лўлилар учун замонавий уй-жойларга эга бўлиш, албатта, тарихий воқеа. Чунки, шу пайтга қадар уларнинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмаганлиги – бор ҳақиқат.
Энди Пахтакор туманида оғир шароитда яшаб келган лўли миллатига мансуб аҳоли ҳам барча фуқароларимиз қатори муносиб турмуш кечиради. Ўз уйи, иш жойига эга бўлади. Уларнинг қай бири билан суҳбат қурманг, Президентнинг бу эътибори ва ғамхўрлигига миннатдорлик билдириб, ҳаётга бўлган қизиқиши ва ишончи ортиб бораётганлигини таъкидламоқдалар.
– Ўттиз йилдан буён Пахтакорда яшайман, – дейди 75 ёшни қоралаган Ражаб Рустамов. – Барак уйнинг икки хонадонида 6 оила яшаб келаётган эдик. Президентимизга раҳмат, бу ғамхўрликдан беҳад мамнунман.
– Давлатимиздан чексиз миннатдормиз, – дейди Хосият Жалилова. – Шунча йил 20 дан зиёд жон баракда тиқилиб яшаб келаётган эдик. Ҳаммаси учун мингдан минг раҳмат. Кўча асфальт. Болаларимизнинг мактабга қатнаши учун автобус ажратилган.
Яна бир муҳим янгилик – лўли болаларнинг айримлари турли сабабларга кўра мактабда ўқимай қолгани аниқланиб, улар учун савод чиқариш курси ҳам ташкил этилди. Ҳозир бу ерда 20 нафардан зиёд болалар ва ўсмирлар махсус курсда ўқитилмоқда.
Жиззах чўлини ўзлаштиришнинг дастлабки даврида – 1967 йилда ҳудудга кела бошлаган лўлилар аллақачон шу ернинг туб аҳолисига, кўпмиллатли ҳудуднинг тенг ҳуқуқли фуқароларига айланган.