“Кварц”да янги лойиҳа ишга тушди
Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги “Кварц” акциядорлик жамиятида умумий қиймати 71 миллион долларлик лойиҳа ишга тушди, 320 та янги иш ўрни яратилди.
2021-2022 йилларда Фарғона вилоятида умумий қиймати 6 триллион 338 миллиард сўмлик 89 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган бўлиб, бунинг самараси сифатида 3 минг 500 га яқин иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Ҳудудларда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш салмоғи жадал ривожланиб, истиқболли лойиҳаларга хорижий инвестициялар жалб этиш, янги қувватларни ишга тушириш ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти кенгаймоқда.
“Кварц” акциядорлик жамиятида автомобилсозлик, мебелсозлик, қурилиш саноати тармоқлари учун юқори сифатли ойна ва шиша маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Мустақиллигимизнинг 30 йиллик байрами арафасида бу ерда кунига 400 тонна – йилига 22 миллион квадрат метр силлиқланган қурилиш ойнаси (флоат) ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида белгиланган ишлар тўлиқ якунланиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Лойиҳани амалга ошириш учун корхона маблағлари билан бирга 41 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб этилди. Германия, Франция, Италия, Япония ва Хитойдан замонавий технологиялар олиб келиб ўрнатилди.
– Корхонада бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ маркетинг ва менежмент ишлари яхши йўлга қўйилиб, халқаро сифат стандартларига мос маҳсулотлар ишлаб чиқариш жараёни тобора кенгайиб бораётир, – дейди очилиш маросимида сўзга чиққан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров. – Ишонамизки, корхона раҳбарияти бу ютуқлар билан чегараланиб қолмайди. Бугунги лойиҳа ташаббускори ҳам корхона ишчи-мутахассисларининг ўзи эканлигини инобатга олсак, яқин истиқболда “Кварц” нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёда йирик саноат корхоналаридан бирига айланади.
Лойиҳа менежери, Хитойнинг “Shanghay Ponu Technology” компанияси мутахассиси Дал Чинг Донгнинг қайд этишича, янги лойиҳани ишга тушириш мақсадида Европа ва Осиё мамлакатларидан қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш бўйича энг сўнгги русумдаги асбоб-ускуна, жиҳозлар олиб келинди. Бу электр энергияси сарфини икки баробар камайтириш, маҳсулот таннархини ўратача 20-30 фоизга арзонлаштириш имконини бергани билан аҳамиятлидир. Яқин келажакда эса ушбу лойиҳанинг кейинги босқичида кунлик қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш қувватини 10 миллион кв. метрдан 32 миллион кв. метргача етказиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида маҳаллий бозорнинг ушбу турдаги қурилиш ойнасига бўлган эҳтиёжи тўлиқ қопланиб, экпорт кўлами кенгаяди.
Силлиқланган қурилиш ойнаси ишлаб чиқариш цехида қувасойлик уч юз нафардан зиёд йгит-қизлар муқим иш ўрнига эга бўлди. Авазбек Жобиров шиша қайнатувчи сифатида фаолият бошлади. У бундан жуда ҳам мамнун эканлигини айтиб, келажакда малакали мутахассис бўлиш учун астойдил меҳнат қилишини таъкидлади.
[gallery-3600]
М. Сулаймонов,
М. Қодиров (сурат), ЎзА